Тошкентда кибержиноятларда гумонланган икки гуруҳ фош этилди: 72 киши ушланди
Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ноқонуний онлайн қимор ўйинлари билан боғлиқ пул операциялари ва интернет фирибгарлигида гумонланаётган икки гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Тезкор тадбирлар давомида 72 нафар шахс ушланди, 110 минг доллар нақд пул ва турли техник воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Шунингдек, 576 минг долларлик крипто-активлар айланмаси аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи тезкор тадбир Миробод туманидаги Фарғона 1-тор кўчасида ўтказилган. Аниқланишича, бир гуруҳ шахслар ойига 9 минг доллар эвазига ижарага олинган хонадонда яширин фаолият юритган. У ерда 52 киши ушланган.
Дастлабки маълумотларга кўра, улар Осиё давлатларида оммалашган ноқонуний онлайн қимор ва букмекерлик ўйинлари учун пул маблағларини қабул қилиб, банк карталарига ўтказиш орқали ноқонуний молиявий операцияларни амалга оширган. Хонадондан 110 минг доллар нақд пул, 71 та ноутбук, 278 та телефон ва учта Starlink сунъий йўлдош интернет қурилмаси ашёвий далил сифатида олинган.
Тезкор тадбирлар давомида Катта Миробод кўчасидаги яна бир яширин колл-марказ ҳам аниқланган. Ойига 2 минг доллар эвазига ижарага олинган ушбу бинода фаолият юритган 20 киши ушланган.
ИИББ маълумотларига кўра, мазкур гуруҳ аъзолари интернет орқали сохта иш таклифларини тарқатиб, фирибгарлик билан шуғулланганликда гумонланмоқда. Улар ўзларини аёл киши сифатида таништириб, фойдаланувчиларнинг ишончига кирган ва алдов йўли билан пулларини қўлга киритган. Ушбу манзилдан 24 та ноутбук, битта планшет, 52 та телефон ва тўртта Wi-Fi қурилмаси олиб қўйилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида ҳар икки гуруҳда вазифалар ўзаро тақсимлангани, улар таркибида раҳбарлар, иш бошқарувчилар, операторлар ва қўриқчилар бўлгани аниқланган. Шунингдек, гуруҳлар фаолияти билан боғлиқ 576 минг доллар миқдоридаги крипто-активлар айланмаси қайд этилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси 2-қисми (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








