Наманганда ноқонуний дори омбори фош этилди: 23 мингдан ортиқ дори топилди
Уларнинг дастлабки қиймати 3,3 миллиард сўмдан ошади.

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро ўз хонадонида яширин омбор ташкил этиб, сифати кафолатланмаган дори воситаларини сақлаб келгани аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Божхона, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Янги Наманган туманидаги «Мингтерак» маҳалласида жойлашган хонадонда текширув ўтказди.
Натижада, хонадондан хорижда ишлаб чиқарилган 156 турдаги дори воситаси топилган. Уларнинг умумий сони 23 432 донани ташкил этиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 3,3 миллиард сўмдан ошади.
Маълум қилинишича, ушбу дори воситалари мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилган.
Ҳозирда контрафакт экани гумон қилинаётган препаратлар процессуал тартибда олиб қўйилиб, уларнинг хусусиятларини аниқлаш учун экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.








