Реновация эвазига 1 та уй ўрнига 2 та хонадон: Тошкентда янги имконият
Уй-жой масаласини ҳал этишнинг яна бир варианти сифатида мулкдорларга Янги Тошкент ҳудудидан хонадон ажратиш таклиф этилиши мумкин.

Реновация доирасида кўчиб ўтишни режалаштираётган мулкдорлар учун уй-жой масаласини ҳал этишнинг яна бир варианти назарда тутилмоқда. Унга кўра, айрим фуқароларга Янги Тошкент ҳудудидан хонадон ажратиш таклиф этилиши мумкин.
Мазкур механизм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ-243-сон Фармонида белгиланган. Уй-жой лойиҳалари «Тошкент Инвест Компани» АЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Таклифга кўра, Янги Тошкент ҳудудида мулкдорларга мавжуд хонадон майдонининг 150 фоизигача бўлган ҳажмда уй-жой бериш имконияти кўзда тутилган.
Масалан, 50 квадрат метрли хонадон эгасига 75 квадрат метргача бўлган янги уй таклиф этилиши мумкин. Шунингдек, битта хонадон ўрнига иккита алоҳида уй бериш варианти ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Жумладан, 70 квадрат метрли уй эгасига умумий майдони 105 квадрат метргача бўлган 45 ва 60 квадрат метрли иккита хонадон таклиф этилиши мумкин.
Бироқ бу мисоллар қатъий кафолатланган шартларни англатмайди. Ҳар бир ҳолат кўчмас мулкнинг хусусиятлари ва мулкдорларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, индивидуал тартибда кўриб чиқилади.
Таклифларни тайёрлаш жараёнига мустақил ташкилотлар жалб этилади. Хонадонларнинг майдони, сони ва бошқа шартлар мулкдорлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Янги механизм оилаларга ўзлари яшаб келаётган ҳудудда қолиш, каттароқ уйга эга бўлиш ёки Янги Тошкентга кўчиб ўтиш каби вариантларни кўриб чиқиш имконини беради.
Шу билан бирга, реновация жараёнида мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаффофликни таъминлаш ва компенсация шартларини келишиш асосий тамойиллар бўлиб қолади.








