Ўзбекистонда фуқароликсизликни камайтириш: 91 мингдан ортиқ киши фуқаролик олди
1992–2016 йилларда эса бу кўрсаткич 482 кишини ташкил этган.

2016 йилдан буён 91 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигини олган. Таққослаш учун, 1992–2016 йиллар оралиғида бу кўрсаткич 482 кишини ташкил этган.
«Дунё» ахборот агентлигининг хабар беришича, бу рақамлар Тошкентда Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун фуқароликсизликни камайтириш ва бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган тренингда маълум қилинган.
Тренингнинг асосий мақсади фуқароликсизликнинг олдини олиш ва уни камайтириш бўйича халқаро стандартлар, жумладан, 1961 йилги Фуқароликсизликни камайтириш тўғрисидаги конвенцияда белгиланган ҳуқуқий кафолатлар ҳақидаги билимларни оширишдан иборат бўлган. Шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларни аниқлаш, ҳужжатлаштириш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Тренингни очиб берган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов фуқароликсизлик муаммосини ҳал этиш “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, 2020 йилда “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлган.
Акмал Саидов 2016 йилдан буён фуқаролик олганлар сони 91 мингдан ошганини маҳаллий ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти билан ҳам боғлаган. Унинг таъкидлашича, Ички ишлар вазирлиги фуқаролик масалаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи асосий ижро этувчи орган ҳисобланади.
Тадбир давомида Марказий Осиёда фуқароликсизликнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш борасидаги ютуқлар, мавжуд муаммолар, минтақавий тажрибалар ҳамда Ашхобод декларацияси юзасидан ҳам тақдимот ва муҳокамалар ўтказилган.








