Маҳкумлар ҳам олий таълим олиши мумкин: 2027 йилдан янги имконият яратилади
Маҳкумларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида 50 та касбга ўқитиш дастурлари жорий этилади.

Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоий мослашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда 2026 йил 16 ноябрда қабул қилинган Президент қарорида назарда тутилган.
Қарорга кўра, 2027/2028-ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонаси ташкил этилади.
Шунингдек, 2030 йилгача меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида 50 та касб бўйича ўқув дастурлари жорий этилади. Ҳар йили камида 15–20 минг нафар маҳкумни касбга ўқитиш режалаштирилган. Бу орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.
“Янги ҳаёт” дастури доирасида 2027/2028-ўқув йилидан бошлаб маҳкумларга олий таълим ташкилотларига кириш ва тўлов-контракт асосида масофавий таълим олиш имконияти яратилади. Бунинг учун колонияларда видеоконференсалоқа воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ажратилади.
Бундан ташқари, ёш маҳкумлар орасидан сайлов орқали ёшлар фаоллари танланади. Улар ҳар чоракда базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади.
Барча колонияларда маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда “Ёш китобхон” танлови ўтказилади. Шунингдек, колония кутубхоналарида «Мутолаа» платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади.








