Халқаро ёрдам қисқарди: 446 минг киши OIVдан ҳимояловчи дориларсиз қолди
Бу қарийб 20 йил ичидаги энг кескин пасайишдир.

Халқаро ёрдамнинг камайиши оқибатида 2025 йилда ОIV инфекциясининг олдини олиш учун дори воситаларини қабул қилганлар сони аввалги йилга нисбатан 446 минг кишига камайди. Бу ҳақда БМТнинг OIV/OITS бўйича қўшма дастури маълумот берди.
Ташкилотга кўра, OIVга қарши кураш учун ажратиладиган хорижий ёрдам бир йил ичида 18 фоизга қисқарган. Бу қарийб 20 йил ичидаги энг кескин пасайиш ҳисобланади. Шу даврда мамлакатларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратган харажатлари атиги 4 фоизга ошган.
Қисқариш, хусусан, OIV юқтириш хавфини камайтириш учун инфекцияга дучор бўлишдан олдин қабул қилинадиган PrEP профилактик дориларидан фойдаланишга таъсир кўрсатган. 2025 йилда дунё бўйлаб тахминан 2,6 миллион киши ушбу воситани қабул қилган.
Ғарбий ва Марказий Африка мамлакатлари ташқи ёрдамга қарам бўлиб, халқаро донорлар ушбу ҳудудда OIVни даволаш харажатларининг қарийб 90 фоизини қоплайди. Бироқ молиялаштириш қисқариши бошқа мамлакатларга ҳам таъсир қилган.
UNAIDS маълумотларига кўра, маблағ етишмаслиги сабаб ОIV тестлари сони ва даволанишни бошлаётганлар кўрсаткичи ҳам камайган. Инфекция тарқалишини кузатиш имкониятлари ҳам чекланган.
Шу билан бирга, янги профилактика воситалари ҳам пайдо бўлмоқда. Улардан бири йилига икки марта юбориладиган ленакапавир инъекциясидир. 2026 йил октябрига келиб, Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африканинг тўққизта мамлакатида тахминан 175 минг киши ушбу воситани қабул қила бошлаган. Келгуси йилда унинг арзонроқ муқобиллари пайдо бўлиши кутилмоқда.
Бироқ молиялаштириш етарли бўлмаса, янги дори воситаларидан фойдаланиш имконияти ҳам чекланиши мумкин. UNAIDS ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб қарийб 41 миллион киши ОIV билан яшаган, йил давомида яна 1,2 миллион киши инфекцияни юқтирган.








