Ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилиши ортидан фирибгарлик: фуқаролардан паспорт маълумотлари сўралмоқда
Алдовчилар, асосан, ёши катта ва пенсионер фуқароларга қўнғироқ қилиб, ҳисоблагич ўрнатиш баҳонасида шахсий маълумотларини қўлга киритишга уринмоқда.

Пойтахт туманларида аҳоли хонадонларига ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда. “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖга кўра, айни жараёндан фойдаланиб, фуқароларни алдашга уринаётган фирибгарлар ҳам пайдо бўлган.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда фирибгарлар, асосан, ёши катта ва пенсионерларга қўнғироқ қилмоқда. Улар хонадонга ақлли ҳисоблагич ўрнатишни баҳона қилиб, фуқароларнинг паспорт маълумотларини қўлга киритишга уринмоқда.
Таъкидланишича, ҳисоблагич ўрнатиш учун истеъмолчидан ҳеч қандай тўлов ёки шахсий маълумот талаб этилмайди. Маҳаллаларда ишлар бошланиши ҳақида фуқаролар маҳалла фуқаролар йиғини орқали хабардор қилинади.
Жараён юзасидан саволлар туғилса, фуқаролар йиғинларида ташкил этиладиган вақтинчалик штаблардаги мутахассисларга мурожаат қилиш мумкин.
Фуқаролардан паспорт маълумотлари ва бошқа шахсий ахборотларини бегоналарга бермаслик, фирибгарларнинг қўнғироқларига алданмаслик сўралган.








