Ўзбекистонда 593 километр пулли йўл қурилади: лойиҳаларга 5,6 миллиард доллар сарфланади
Ҳокимларга бир ой ичида ҳар бир ҳудудда 1–2 тадан йўл ёки кўприк лойиҳасини танлаб, инвесторлар билан ишлашни бошлаш топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Автомобиль йўллари қўмитасининг илмий-амалиёт марказида транспорт-логистика соҳаси инвесторлари ва тадбиркорлари билан учрашув ўтказмоқда.
Давлат раҳбари иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига мос равишда транспорт тизимини ривожлантириш, соҳага катта миқдорда инвестиция ва замонавий технологиялар жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, сўнгги ўн йилда йўл соҳасига 80 триллион сўм ажратилган. Бу маблағлар ҳисобидан 7 минг километр йўл қайта қурилган, 125 минг километр йўл таъмирланган. Эндиликда йўл инфратузилмасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва соҳага 20 миллиард доллар олиб кириш имконияти мавжуд.
Ҳозирда умумий қиймати 5,6 миллиард доллар бўлган, жами 593 километр узунликдаги пулли автомобиль йўлларини қуриш бўйича бешта лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Тошкент – Самарқанд йўналишида 2,2 миллиард долларлик йўл қурилиши бошланган. Тошкент – Ангрен йўналишидаги 1,6 миллиард долларлик лойиҳа бўйича тендер жараёнлари якунланмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент – Чорвоқ, Самарқанд – Бухоро йўналишлари ҳамда Тахтақорача довонидаги йўллар бўйича жами 1,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини якунлаб, инвесторларга тақдим этиш топширилди. Ҳозирга қадар ҳудудларда умумий қиймати 4 миллиард долларлик 131 та лойиҳа таклифи тайёрланган.
Ҳокимларга бир ой муддатда ҳар бир ҳудудда 1–2 тадан йўл ёки кўприк лойиҳасини танлаб, уларни қуриш, сақлаш ва бошқариш шарти билан инвесторларга таклиф этишни бошлаш топширилди. Лойиҳалар хусусий секторга техник-иқтисодий асослари билан бирга тайёр пакет шаклида тақдим этилади.
Шунингдек, йўллар бўйида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам инвесторларга берилади. Бундай лойиҳаларни ҳар бир туманда амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.








