Туризм инфратузилмаси кенгайтирилади: 2030 йилгача соҳага 3,1 триллион сўм ажратилади
Янги туризм лойиҳаларини амалга ошириш учун 5 минг гектар ер майдонини аукцион савдоларига чиқариш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди. Унда туризм хизматлари экспортини ошириш, янги сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистонга 11,6 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга кўп. Шу даврда туризм хизматлари экспорти 1,5 баробар ошиб, 6,1 миллиард долларга етган. Сайёҳларнинг мамлакатимиздаги ўртача харажатлари ҳам 26 фоизга кўпайган.
2030 йилгача хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, соҳада банд аҳоли сонини 2 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини эса 7 фоизга ошириш режалаштирилган.
Тақдимотда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда аниқланган муаммолар ҳам кўриб чиқилди. Масъуллар туризм соҳасида фаолият юритаётган 2 мингдан ортиқ тадбиркорнинг таклиф ва мурожаатларини ўрганган.
Улар, жумладан, туристик ҳудудларда электр энергияси қувватининг етишмаслиги, электр ва газ учун олдиндан тўловлар миқдорининг юқорилиги, меҳмонхоналарда валюта айирбошлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларининг чеклангани ҳамда тоғли ҳудудларда сайёҳларни ташиш билан боғлиқ муаммоларни кўтарган.
Тадбиркорлар муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш, кредит олишда кафиллик бериш, ер участкалари учун тўловларни бўлиб-бўлиб амалга ошириш ва меҳмонхона бизнесига қўшимча имтиёзлар жорий этиш бўйича таклифлар билдирган. Президент мутасаддиларга ушбу масалаларнинг аниқ ечимларини ишлаб чиқишни топширган.
Шунингдек, туризм географиясини кенгайтириш ва анъанавий сайёҳлик марказларига тушаётган юкламани камайтириш масалаларига эътибор қаратилган. Экологик, этнографик, аграр, гастрономик, экстремал, тиббий, ишбилармонлик ва кинотуризм йўналишларини ривожлантириш режалари кўриб чиқилган.
“Бир маҳалла – бир турмаҳсулот” тамойили асосида маҳалла ва қишлоқларни туристик йўналишларга киритиш ҳам назарда тутилмоқда. Бу орқали сайёҳларни маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, миллий урф-одатлари, ҳунармандчилиги ва пазандалик анъаналари билан таништириш, аҳоли учун қўшимча даромад манбаларини яратиш кўзда тутилган.
Ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш учун 2026–2027 йилларда жами 34 та мастер-режа ишлаб чиқиш белгиланган. Ҳозирга қадар уларнинг 13 таси тайёрланган.
Тақдимотда Нурота туманидаги қадимий Кориз сув иншооти негизида очиқ осмон остидаги музей ва дам олиш масканини барпо этиш, Наманганда гулчилик туризмини ривожлантириш ҳамда санаторий-курорт ҳудудларини ободонлаштириш лойиҳалари ҳам намойиш этилган.
Бундан ташқари, Тўдакўл туризм-рекреация зонасини ривожлантириш концепцияси кўриб чиқилган. Унда ҳудуднинг табиий ландшафтига мос меҳмонхоналар, дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, экотуризм объектлари ҳамда сув бўйида замонавий туристик инфратузилма яратиш режалаштирилган.
Янги туризм лойиҳаларини амалга ошириш учун 5 минг гектар ер майдонини аукционга чиқариш, 2030 йилгача туризм инфратузилмасини ривожлантиришга 3,1 триллион сўм йўналтириш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, Туризм лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш ва унга 2027 йилда 100 миллиард сўм ажратиш таклиф қилинган. Ушбу маблағлар янги сайёҳлик масканларини барпо этиш, тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш, кредит фоизларининг бир қисмини қоплаш ва замонавий кўнгилочар хизматларни йўлга қўйишни субсидиялашга йўналтирилиши мумкин.
Тақдимотда халқаро авиақатновлар географиясини кенгайтириш, ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш, меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматлари сифатини халқаро стандартларга мослаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, йирик халқаро анжуман ва форумларни сайёҳлар оқими нисбатан кам бўлган даврларда ўтказиш таклиф этилган. Туризм қўмитасига вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу тадбирлар муддатларини қайта кўриб чиқиш топширилган.








