“TikTok инсон миясини ўлдирмоқда”: Тоқаев ёшларни огоҳлантирди
Қозоғистон президенти интернет ва смартфонлардан тўғри фойдаланиш рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.
Қосим-Жомарт Тоқаев кўпчилик смартфон имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, одамлар интернетдан фақат мулоқот ва кўнгилочар мақсадларда эмас, даромад топиш учун ҳам фойдаланишни ўрганиши керак.
«Биз қишлоқ аҳолисига интернетдан эзгу мақсадларда фойдаланишни ўргатишимиз керак. Бугун ҳамма смартфондан фойдаланади, бироқ кўпчилик уни фақат қўнғироқ қилиш, хабар алмашиш, фильм томоша қилиш ва TikTok учун керак деб ҳисоблайди. TikTok — инсон миясини, айниқса, ёшларнинг миясини ўлдирадиган даҳшатли нарса», — деди Тоқаев Москвадаги AI Journey конференциясидан сўнг ёш сунъий интеллект мутахассислари билан учрашувда.
Президентнинг таъкидлашича, смартфон ва интернетдан тўғри фойдаланиш орқали қишлоқ ёки овулда яшаб ҳам даромад топиш мумкин.
«Биз шунчаки одамларга таълим беришимиз керак. Шунда улар ҳукуматдан мустақил бўлиб, ўз маблағларини қонуний йўл билан топа олади. Мен буни халқнинг рақамли иқтисодиёти деб атайман», — дея қўшимча қилди у.








