Ядровий уруш бошланса, АҚШ Kонгресси қаерга яширинади?
АҚШдаги ҳашаматли меҳмонхоналардан бири — The Greenbrier остида қарийб 30 йил давомида бутун дунёдан яширилган улкан махфий бункер мавжуд бўлган. У оддий бошпана эмасди.

АҚШ КОНГРЕССИ УЧУН ҚУРИЛГАН ЯШИРИН БУНКЕР
1950 йиллар. Дунё икки қудратли давлат – Америка Қўшма Штатлари ва Совет Иттифоқи ўртасидаги кескин қарама-қаршилик даврини бошдан кечираётган эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёда янги хавф пайдо бўлган: ядровий қурол. 1945 йилда Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбаларидан кейин инсоният бундай қуролнинг қандай вайронагарчилик келтириб чиқаришини англаб етганди.
Кейинчалик АҚШ ва СССР ўртасида ядровий қуролланиш пойгаси бошланди. Ҳар икки давлат тобора кучлироқ бомбалар, узоқ масофага учадиган ракеталар ва янги ҳарбий технологияларни ишлаб чиқара бошлади. Америка ҳукумати учун эса хавф фақат шаҳарларнинг вайрон бўлиши билан чекланмасди. Агар Вашингтон ядровий зарбага учраса, мамлакатнинг сиёсий бошқарув тизими нима бўлади? Президент, вазирлар ва ҳарбий раҳбарлардан кейин давлатнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти қандай фаолият юритади? Айнан шу саволлар АҚШ раҳбариятини фавқулодда режалар ишлаб чиқишга мажбур қилди.
1955 йилда президент Дуайт Эйзенхауэр Мудофаа вазирлигига ядровий ҳужум содир бўлган тақдирда Конгресс фаолиятини давом эттириш режасини ишлаб чиқиш топшириғини берди. Бу режанинг асосий мақсади — давлат бошқарувининг узлуксизлигини таъминлаш эди.
НЕГА АЙНАН МЕҲМОНХОНА ТАНЛАНДИ?
АҚШ ҳукуматига шундай жой керак эдики, у бир вақтнинг ўзида Вашингтондан етарлича узоқда, аммо зарурат туғилганда давлат амалдорларини тезда етказиш мумкин бўлган ҳудудда жойлашган бўлиши лозим эди. Шу мақсадда, АҚШ Армияси муҳандислари корпусига махсус ерости иншооти қуриш учун муносиб жой топиш вазифаси юклатилди. Натижада Ғарбий Виржиния штатидаги White Sulphur Springs шаҳарчасида жойлашган The Greenbrier меҳмонхонаси танлов учун жуда яхши танлов эди. Бу қарор тасодифий эмасди.
Биринчидан, меҳмонхона Вашингтондан тахминан тўрт-беш соатлик автомобиль йўли масофасида жойлашган эди. Иккинчидан, ҳудуд нисбатан чекка ва тоғли бўлиб, бундай иншоотни жойлаштириш учун қулай ҳисобланган. Учинчидан, The Greenbrier АҚШ ҳукумати билан аввалдан алоқадор тарихга эга эди. Қизиғи, бу меҳмонхона Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам давлат эҳтиёжлари учун ишлатилган. 1942 йилда АҚШ армияси уни давлат эҳтиёжлари учун ўз тасарруфига олиб, 2 200 ўринли ҳарбий госпиталга айлантирган. Кейинчалик у яна меҳмонхона сифатида фаолият юрита бошлаган.
1957–1958 йилларда лойиҳа амалга оширила бошлади, асосий қурилиш ишлари эса 1959 йилда авж олди. Лойиҳа расман меҳмонхонанинг янги қаноти — West Virginia Wing қурилиши сифатида кўрсатилди. Ташқаридан қараганда бу меҳмонхонани кенгайтириш, янги конференция ва кўргазма залларини барпо этишга қаратилган оддий қурилишдек кўринарди. Аммо ер остида амалга оширилаётган ишлар бутунлай бошқа мақсадга хизмат қиларди.
Бункер қурилишида иштирок этган ишчилардан бири Рэнди Уиклайн кейинчалик бу жараённи эслаб, қурилиш майдонига жуда катта миқдорда бетон ташилганини айтган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Superior Supply компанияси тахминан икки ярим йил давомида қурилиш майдонига 4 минг марта бетон етказган. Жами 50 минг тонна атрофида бетон ишлатилган.Бу рақамлар шунчалик катта эдики, ҳатто маҳаллий аҳоли ҳам қурилишнинг ҳақиқий мақсади ҳақида савол бера бошлаган.
Меҳмонхонанинг янги қисмида 110 та писсуар ўрнатилган. Буни кўрган айрим қурилиш ва меҳмонхона ходимлари шунча санитария ускунаси нима учун кераклигини тушунмаган.Аслида эса улар кўргазма зали деб ўйлаган ҳудудда келажакда юзлаб конгрессменлар ва ходимлар жойлашиши керак эди.
Қурилиш жараёнида ер қазиш, қалин темир-бетон конструкциялар ўрнатиш, оғир пўлат эшиклар ва махсус коммуникациялар барпо этиш ишлари олиб борилди. Бункер оддий паноҳгоҳ эмасди. У ерда одамлар нафақат яшириниши, балки ишлаши, овқатланиши, тиббий ёрдам олиши ва мамлакат сиёсий бошқарувини давом эттириши режалаштирилган эди. Лойиҳа дастлаб Project X номи билан юритилган. Кейинчалик Project Caspar ва Project Greek Island номлари ҳам ишлатилган. Бугун бу иншоот асосан Project Greek Island номи билан танилади.
БУНКЕР ҚАНДАЙ ҚУРИЛГАН ВА УНИНГ ИЧИДА НИМАЛАР БОР ЭДИ?
1962 йилга келиб қурилиш ишлари якунланди. Натижада меҳмонхона остида уч қаватли, 153 та хонадан иборат улкан ерости иншооти пайдо бўлди. У расмий равишда Government Relocation Facility, яъни ҳукуматни кўчириш ва жойлаштириш маркази деб аталган. Бункер 535 нафар Конгресс аъзоси ва тахминан 565 нафар ёрдамчи ходимни қабул қилишга мўлжалланган эди. Умумий ҳисобда қарийб 1 100 киши учун шароит яратилган.
Энг қизиғи, бу ерда АҚШ Конгрессининг иккала палатаси — Вакиллар палатаси ва Сенат учун алоҳида мажлис заллари қурилган. Бундан ташқари, икки палата биргаликда йиғилиш ўтказиши учун ҳам махсус зал мавжуд бўлган. Яъни ядровий ҳужумдан кейин ҳам Конгресснинг қонун қабул қилиш ва давлат бошқарувидаги вазифаларини давом эттириши режалаштирилган.
Бункерда 18 та умумий ётоқхона-дормитория бўлган. Уларда икки қаватли темир каравотлар жойлаштирилган. Шахсий қулайликдан кўра, кўпроқ одамни бир жойда жойлаштиришга эътибор қаратилган. Бу ерда 400 кишилик ошхона, озиқ-овқат омбори, тиббий марказ, операция хонаси ва алоҳида санитария ҳудудлари ҳам ташкил этилган.
Аммо бункернинг энг муҳим қисмларидан бири унинг мустақил ҳаёт таъминоти тизими эди. Унда алоҳида электр станцияси, сув захиралари ва ҳавони тозалаш тизимлари мавжуд бўлган. Манбаларда 1 100 киши учун электр таъминоти тахминан 40 кунга, озиқ-овқат захираси эса 60 кунга мўлжаллангани қайд этилади. Бу дегани, ташқи дунё билан алоқа узилган тақдирда ҳам бункер маълум вақт давомида мустақил ишлай олиши керак эди.
Бундан ташқари, бу ерда телевизион студия ҳам ташкил қилинган. Унинг орқа фонида АҚШ Капитолий биносини акс эттирувчи декорация бўлган. Чунки мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги фуқароларга Конгресс фаолияти давом этаётганини кўрсатиш, давлат бошқаруви бутунлай издан чиқмаганини намойиш этиш муҳим ҳисобланган. Бу ердаги энг муҳим вазифа фақат сиёсатчиларнинг ҳаётини сақлаб қолиш эмас, балки давлат институтларининг узлуксизлигини таъминлаш эди.
БУНДАЙ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ 30 ЙИЛ СИР САҚЛАНДИ?
Бундай улкан иншоотни қуришнинг ўзи катта иш эди. Аммо уни ўнлаб йиллар давомида сир сақлаш ундан ҳам мураккаб вазифага айланди. Ахир бу ерда юзлаб одамлар жойлашиши керак бўлган, доимий равишда техник хизмат талаб қиладиган ва катта миқдордаги захиралар сақланадиган иншоот бор эди. Ҳукумат бу муаммони ҳам ўзига хос йўл билан ҳал қилди.
Махфий бункерга хизмат кўрсатиш учун Forsythe Associates номли компаниядан фойдаланилди. Расман бу компания меҳмонхонадаги телевизорлар ва аудиовизуал ускуналарга хизмат кўрсатиш билан шуғулланарди. Аммо унинг ҳақиқий вазифаси бутунлай бошқача эди. Компания ходимлари бункернинг техник ҳолатини назорат қилиш, коммуникация тизимларини ишчи ҳолатда сақлаш ва зарур захираларни янгилаш билан шуғулланган. Уларнинг раҳбарларидан бири Пол Фриц Бугас эди.
Қизиғи, меҳмонхонанинг бошқа ходимлари одатда бевосита меҳмонхона маъмуриятига бўйсунган бўлса, Forsythe Associates ходимлари алоҳида ташкилот орқали иш юритишган. Уларнинг иш фаолияти ҳам оддий телевизор таъмирлаш хизматидан анча фарқ қиларди. Меҳмонхона тарихчиси Роберт Конте кейинчалик бу компания фаолиятига эътибор қаратганини, бироқ унинг ҳақиқий вазифасини дарҳол англамаганини эслаган.
Бугун бу ҳолатга назар ташласак, махфийликнинг энг қизиқ томони шундаки, бункерни яшириш учун алоҳида ҳарбий база қуриш шарт бўлмаган. Аксинча, у одамлар доим кириб-чиқадиган меҳмонхона инфратузилмаси ичига жойлаштирилган эди. Меҳмонлар юқорида дам олишар, гольф ўйнашар, конференцияларда қатнашишарди. Уларнинг остида эса бутунлай бошқа мақсадга хизмат қилувчи иншоот тайёр ҳолатда сақланарди.
Бу сирни сақлашда маҳаллий аҳолининг ҳам роли бўлган. White Sulphur Springs аҳолисининг бир қисми қурилишнинг ғайриоддийлигини сезган, турли тахминлар ва миш-мишлар тарқалган. Аммо бу ҳақда бегона одамларга гапирмаслик одатга айланган. 2024 йилда Smithsonian журнали эълон қилган тарихий суриштирувда ҳам маҳаллий аҳолининг ўша даврдаги сукут сақлаши ва сирни йиллар давомида муҳокама қилмаслиги алоҳида қайд этилган.
БУНКЕР ҲАҚИҚАТАН ҲАМ ИШЛАТИЛГАНМИ?
1962 йил 16 октябрь. АҚШ президенти Жон Кеннедига Совет Иттифоқи Кубада ядровий ракета жойлаштиргани ҳақидаги аниқ фотосуратлар тақдим этилди. Шу тариқа тарихда Куба ракета инқирози номи билан қолган энг хавфли халқаро қарама-қаршиликлардан бири бошланди. Дунё бир неча кун давомида ядровий уруш хавфи остида яшади.
Қизиғи, The Greenbrier бункери айнан шу санада қурилиши якунланган эди. Бу тасодифий вақт мослиги эди, аммо тарихий жиҳатдан жуда рамзий ҳолат. Бункер АҚШ Конгрессини ядровий ҳужумдан кейин жойлаштириш учун тайёрланган бўлса-да, у ерга Конгресснинг тўлиқ таркиби ҳеч қачон эвакуация қилинмаган. Яъни иншоот ўзининг асосий вазифаси бўйича амалда синовдан ўтмаган.
Бироқ бу унинг фаолиятсиз қолганини англатмайди. Forsythe Associates ходимлари бутун давр мобайнида иншоотни ишчи ҳолатда сақлашга масъул бўлган. Бу ерда озиқ-овқат ва бошқа захиралар янгиланган, техник тизимлар текширилган, электр ва алоқа ускуналари назорат қилинган. Бункернинг асосий мақсади — энг оғир вазият юзага келган тақдирда ҳам АҚШ Конгресси фаолиятини давом эттириш учун тайёр туриш эди.
1990-йилларга келиб дунёдаги сиёсий вазият ўзгара бошлади. Совет Иттифоқи парчаланди, Совуқ уруш тугади. Бир вақтлар ядровий тўқнашув хавфи остида яшаган икки қудратли давлат ўртасидаги қарама-қаршилик аввалги даражада эмасди. Аммо The Greenbrier остидаги махфий бункер ҳамон мавжуд эди. Унинг ҳақиқий вазифаси ҳақида эса кенг жамоатчилик билмасди.
Ҳаммаси 1992 йилда ўзгарди. The Washington Post газетаси журналисти Тед Гап ушбу объект ҳақида маълумот олишга киришди. Унга бункер мавжудлиги ҳақида номаълум манбадан маълумот келиб тушган эди. Журналист меҳмонхонага борди, маҳаллий аҳоли билан гаплашди, турли одамлардан маълумот тўплади ва ниҳоят бу сирнинг ортида нима турганини аниқлашга муваффақ бўлди.
Унинг суриштирувида қурилиш жараёни, махфий компания, бункернинг ички тузилиши ва у ерда кимлар жойлаштирилиши режалаштирилгани ҳақида маълумотлар эълон қилинди. Қизиғи, меҳмонхонанинг ўша вақтдаги тарихчиси Роберт Конте журналист билан суҳбатда бундай объект мавжудлигини тасдиқламаган. Аммо Тед Гапнинг қўлидаги маълумотлар шунчалик жиддий эдики, у бу инкорларга ишонмаган. 1992 йил 29 майда The Washington Times ҳам бункер ҳақида материал эълон қилди. Икки кундан кейин, 31 майда эса The Washington Post газетасининг The Ultimate Congressional Hideaway номли суриштируви чоп этилди.
Шу тариқа АҚШ ҳукумати қарийб 30 йил давомида сир сақлаб келган иншоотнинг мавжудлиги бутун мамлакатга маълум бўлди. Энг муҳими, журналистик суриштирув фақат бункер борлигини эмас, балки унинг асл вазифасини ҳам очиб берди: у АҚШ Конгрессининг барча аъзолари ва уларнинг ёрдамчи ходимлари учун мўлжалланган эди. Бункернинг мавжудлиги оммага маълум бўлганидан кейин унинг асосий устунлиги — махфийлиги йўқолди. Ахир бу объектнинг хавфсизлиги фақат қалин бетон деворлар ва оғир пўлат эшикларга эмас, балки унинг аниқ манзилини эҳтимолий душман билмаслигига ҳам боғлиқ эди.
Агар Совет Иттифоқи ёки бошқа душман давлат бу манзилни олдиндан билса, у ҳолда бункернинг ҳарбий аҳамияти кескин камайиши мумкин эди. Шу сабабли АҚШ ҳукумати объектни фойдаланишдан чиқаришга қарор қилди. 1995 йилда Мудофаа вазирлиги бункерни расман фаолиятдан тўхтатди ва махфийлик мақомини бекор қилди. Ҳукуматнинг меҳмонхона билан ижара муносабатлари ҳам якунланди.
Шундан кейин бир вақтлар энг махфий давлат объектларидан бири бўлган иншоот янги вазифага эга бўлди. 1995 йилда меҳмонхона ўз меҳмонларига бункерни кўрсатишни бошлаган. 1996 йил февраль ойида бункер кенг жамоатчилик учун экскурсияларга очилган. 2006 йилда таъмирлаш ишларидан кейин экскурсиялар қайта йўлга қўйилган.
Бугун The Greenbrier меҳмонхонасига ташриф буюрган сайёҳлар бир вақтлар бутун бошли давлат сирини сақлаган ерости иншоотини кўришлари мумкин. У ердаги ётоқхоналар, мажлис заллари, тиббий хоналар, оғир эшиклар ва техник тизимлар ҳали ҳам ўтмишдаги махфий лойиҳанинг қандай кўринишда бўлганини намойиш этади.








