Yandex Go’даги узилишлар: хизматлар босқичма-босқич тикланмоқда
Айрим тўловларда хатолик ва кечикишлар сақланиб қолиши мумкин.

Yandex Uzbekistan компанияси мамлакатда вақтинча узилиб қолган Yandex Go ва бошқа хизматлар босқичма-босқич тикланаётганини маълум қилди. Ҳозир кўплаб хизматлар одатий режимда ишламоқда, бироқ айрим функцияларда хатоликлар кузатилиши мумкин.
Yandex Uzbekistan маълумотига кўра, айни пайтда фойдаланувчилар, ҳайдовчилар, курьерлар ва ҳамкорлар учун тўловлар ҳамда қўллаб-қувватлаш хизматлари барқарорлигини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Компания такси хизматидаги ҳамкорларга барча тўловлар автоматик тарзда амалга оширилганини, ҳайдовчилар учун тезкор тўловлар ҳам мавжудлигини билдирган. Шунга қарамай, айрим тўловлар хатолик ёки кечикиш билан бажарилиши мумкин.
Баъзи фойдаланувчилар буюртмалар учун пул тўлашда муаммоларга дуч келмоқда. Нотўғри ечиб олинган маблағлар билан боғлиқ барча ҳолатлар текширилади. Бироқ қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаатлар кўпайгани сабабли муаммоларни ҳал қилиш кўпроқ вақт олиши мумкин.
Аввалроқ, 11 октябрь куни эрталаб Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларда Yandex Go фаолиятида узилишлар кузатилган эди. Фойдаланувчилар такси ва озиқ-овқат буюртма қилиш, шунингдек, жамоат транспорти ҳаракатини кузатишда қийинчиликларга дуч келган. Шу билан бирга, Yandex Maps ва Yandex Navigator одатий режимда ишлашда давом этган.
Yandex Uzbekistan фойдаланувчилар маълумотлари қонунчилик талабларига мувофиқ, уларнинг ҳимоясини таъминлайдиган юрисдикцияда сақланишини ҳам таъкидлаган.








