Тошкент шаҳридаги “Ўзбекнефтгаз” корхонасига қарашли “UNG Petro” ёқилғи қуйиш шохобчаларида 1 литр АИ-80 русумли бензин чакана нархда 5900 сўмдан сотилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизматига таяниб “Spot” сайти хабар берди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган бензиннинг асосий қисмини (80,1 фоизи) АИ-80 маркаси ташкил этади. Йил бошидан буён ўсиш 15 фоизни ташкил этган.
Ўтган 9 ой давомида компаниянинг нефтни қайта ишлаш заводларида 654,9 минг тонна бензин (ўсиш суръати 105,6 фоиз) ишлаб чиқарилган. Шундан 524,6 минг тоннаси - Аи-80, 81,1 минг тоннаси - Аи-91, 43,9 минг тоннаси - Аи-92, 5 минг тоннаси - Аи-95 ва қолган 0,3 минг тоннаси - Аи-98 маркаларига тўғри келади.
“Таъкидлаш жоизки, Аи-91, Аи-92, Аи-95 русумли бензинларнинг асосий қисми бозор конюнктураси ва жаҳон котировкаларига асосланиб, хориждан келтириладиган хомашё ёки импорт тайёр маҳсулотдан ишлаб чиқарилади. Шу сабабли, ушбу турдаги бензин нархи нисбатан юқори ”, - дейилади хабарда.
Департамент бензин нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинганини эслатди.
Эндиликда 2017 йилдан бошлаб Аи-92, 93, 95 ва 98 русумли, 2019 йил 15 августдан бошлаб Аи-91 ва 2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркаларини сотиш фақат биржа орқали амалга оширилади.
"Шу тариқа соғлом рақобат муҳити яратилади, истеъмолчилар сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб борилади", – дейилади компания хабарида.
Бундан аввал бензин нархи йил бошидан буён 17 фоизга қимматлашгани, энди Ўзбекистонда АИ-98 маркали бензин ҳам ишлаб чиқарилиши ҳамда Ўзбекистонда энг кўп бензин қайси ҳудудда ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


