Аввалроқ 11 декабрь куни Бекободда ИИБ ходими машинада 43 ёшли одамни уриб ўлдиргани ва жасадни Сирдарёга ташлагани ҳақида хабар берилган эди.
Kun.uz'нинг маълум қилишича, ҳодиса Бекобод шаҳар ИИБ катта тезкор вакили Д.Н. томонидан содир этилган бўлиб, у машинани маст ҳолда бошқарган.
Д.Н. аввал Б.У.ни Nexia машинасига юклаб, ҳодиса жойидан узоқроқ дала четига олиб кетган ва турмуш ўртоғи З.Н.ни чақирган. З.Н. Матиз машинасида келиб, жасадни Nexia’дан Matiz’га ўтказиб, Бекобод шаҳар йўналиши бўйича ҳаракатланиб, уни ҳодиса жойидан 35 км узоқликдаги Фарҳод каналига ташлаган.
Б.У. ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги сабабли вафот этган. Ҳозирда марҳумнинг жасади топилиши учун тезкор қидирув тадбирлари давом этмоқда.
Д.Н. 12 декабрь куни қўлга олинган ва суд қарори билан унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Д.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Маълумотларга кўра, З.Н.ни ишга алоқадорлиги унинг машинаси текширувдан ўтказилгач аниқ бўлган ва ҳозирда ҳолат юзасидан экспертиза тайинланган.
Ҳозирда барча тезкор қидирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


