
БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси элчиси Дебора Лайонс ва ташкилот хавфсизлик департаменти вакиллари 15 сентябрь куни Ҳаққоний билан учрашган. Унда барча гуманитар ташкилот ходимлари Афғонистонда қаршиликсиз ва таҳдидларсиз ишлаши зарурлиги таъкидланган.
Шунингдек, иқтисодиётни тиклаш, давлат хизматчилари ва тиббиёт ходимларига иш ҳақини тўлаш, шунингдек, ёрдамга муҳтожларга дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб бериш каби масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Ажабланарлиси, Сирож Ҳаққоний ҳамон халқаро террорчилар рўйхатида туради. АҚШ Федерал қидирув бюроси у ҳақидаги маълумотлар учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилган. Афғонистонда уюштирилган бир қанча қонли терактларда унинг қўли бор. “Толибон”нинг ҳарбий қаноти бўлган “Ҳаққоний тизими” етакчиси. Ҳаққоний 7 сентябрь куни Афғонистон Ички ишлар вазири этиб тайинланди.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона вилоят Панжшер эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилаганини эълон қилди.
Жаҳонгир Қўзиев


