АҚШ президенти Дональд Трамп Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни 2026 йилда Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган G20 саммитига меҳмон сифатида таклиф қилишини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирган.
Трампнинг сўзларига кўра, у ҳар икки давлат раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбатлар давомида давом этаётган халқаро можароларда тинчликка эришиш масалалари, шунингдек, АҚШ билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинган. АҚШ президенти икки томонлама муносабатларни “жуда яхши” дея баҳолаган.
Маълум қилинишича, 2026 йилда Қўшма Штатлар G20 саммитига мезбонлик қилади. Шу муносабат билан Доналд Трамп Марказий Осиёнинг икки етакчи давлати раҳбарларини ушбу нуфузли халқаро тадбирда иштирок этиш учун Майами шаҳрига таклиф этишини таъкидлаган. Бу таклиф минтақанинг халқаро майдондаги ролига берилаётган эътибор сифатида баҳоланмоқда.


