Эрон ва Тожикистоннинг Афғонистон бўйича позицияси яқин – Эрон Президенти
Эрон Президенти Иброҳим Раисий ШҲТ доирасидаги ташрифи якунида Эрон ва Тожикистон Афғонистон масаласида умумий қарашларга эга эканини маълум қилди. Бу ҳақда “Спутник Афганистан” хабар берди.


“Афғонистондаги вазият юзасидан позицияларимиз ўхшаш. Келгиндилар мамлакатда барқарорликни таъминлай олмади, аксинча, у янада чигаллашди. Афғонистон учун энг муҳими – барқарорлик”, деган Раисий.
Унинг фикрича, мамлакат тақдирини афғонистонликларнинг ўзи ҳал қилиши керак. Бундан ташқари янги тузиладиган ҳукумат инклюзив бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, Эрон президенти Афғонистонда террорчиларнинг мавжудлиги бутун минтақа учун хавфли эканини қайд этган. Раисий “Биз терроризмни ривожлантирадиган ва унга янги куч берадиган барча оқим ва йўналишларга қаршимиз”, деб айтган. Эрон етакчиси Афғонистонда мустаҳкам тинчликка фақат музокаралар воситасида эришиш мумкинлигини маълум қилган.
16-17 сентябрь кунлари Душанбеда ШҲТнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари иштирок этган. Саммитда Афғонистон масаласи бўйича муҳим баёнотлар берилди.
Хусусан, Панжшер қаршилик кучлари ва “Толибон” ўртасида Тожикистонда музокаралар ўтказилиши маълум қилинган. Ушбу жараёнда Тожикистон ва Покистон воситачилик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг музлатиб қўйилган активларини қайтариб беришга чақирди. Президентнинг фикрича, бу Афғонистондаги гуманитар инқирознинг олдини олади. Мирзиёев реал вазиятдан келиб чиқиб мамлакатнинг янги ҳукумати билан мулоқот ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона вилоят Панжшер эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Толибон” вакили доимий ҳукумат тузилиши ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермагани хабар қилинган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







