Аввалроқ ижтимоий тармоқда Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-сонли умумтаълим мактаби директори Гулираъно Қосимова суд ишида унга адолатсиз муносабат қилинаётганини айтиб, ишни очиқ суд муҳокамаси орқали кўриб чиқишни талаб қилиб чиққани акс этган видеомурожаат тарқалганди.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилоят судлари расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, айни пайтда жиноят ишлари бўйича Қува туман судида А. Х. ва Ж. Р.га оид жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Жорий йилнинг 15 октябрь куни мазкур жиноят ишини кўриш давомида жиноят ишига илова қилинган жабрланувчиларнинг кийимсиз ҳолдаги видеоёзуви жабрланувчи Г. Қосимова ва унинг ҳимоячиси - адвокат М. Ахмадалиевнинг илтимосномасига асосан мухрланиб махфийлаштирилган.
24 октябрь куни ўтказилган суд мажлисида Фурқат туман ИИБ ходимлари ва экспертларни сўроқ қилишда тезкор қидирув фаолиятига тааллуқли махфий маълумотлар ошкор бўлишини олдини олиш ҳамда юқорида махфийлаштирилган видеоёзувни кўрсатиш лозимлиги сабабли суд мажлисининг уларга нисбатан қисми ёпиқ суд мажлисида ўтказиш белгиланган. Суд мажлисининг Фурқат туман ИИБ ходимларини сўроқ қилишдан қолган барча қисми очиқ суд мажлисида ўтказилмоқда.
7 ноябрь куни ўтказилган суд мажлисида жабрланувчи Г. Қосимова суд мажлисини ўтказиш тартибини бузгани сабабли қонунчиликда белгиланган тартибда қонуний чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган бўлсада, огоҳлантириш таъсир қилмасдан такроран суд мажлисида тартибни бузиб, раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмасдан ва судни беҳурмат қилганлиги сабабли суднинг ажримига асосан 2025 йил 7 ноябрь куни ўтказилган суд мажлисидан (шу кунги) чиқариб юборилган.
Кейинги суд мажлиси 12 ноябрь куни соат 10:00 да ўтказилиши белгиланиб, суд жараёни очиқ тарзда бўлиб ўтади.


