Жорий йилнинг 2 декабрь соат 10:50 атрофида Гулистон шаҳар “Тараққиёт” маҳалласида жойлашган “Bek Family Cafe” МЧЖ умумий овқатланиш шохобчасининг ошхонасида портлаш ҳақида хабар берилган эди.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, ошхонада мавжуд ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газ баллони орқали сизиб чиққан газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш содир бўлган.
Ҳодиса натижасида жами 29 нафар фуқаро турли даражада куйиш тан жароҳатлари олган ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган. Афсуски, олган шикастлари оқибатида 3 нафар фуқаро вафот этган.
Жабрланганларнинг 5 нафарига зарур тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг, уларнинг ҳолати қониқарли деб топилиб, уйларига жавоб берилди. Қолган беморлар шифокорлар назоратида малакали даволанишни давом эттирмоқда.
Мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192¹¹-моддаси 1-қисми, 257-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари ва 259-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. “Бек Фамилй Сафе” МЧЖ масъул шахсларининг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари — ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идоралар мутахассисларидан иборат тергов гуруҳи томонидан зарур барча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


