Исроилда 3 ёшли қизалоқ 3800 йиллик қадимий туморни топди
Ушбу археологик топилма ўрта бронза даврига оид ҳисобланади.

Исроилда оиласи билан саёҳат қилаётган уч ёшли Зив Нитзан исмли қизалоқ тасодифан қадимий тарихий топилмага дуч келди. У Тел Азеқа археологик ёдгорлиги яқинида ерда ётган кичик тошни кўриб, уни олиб, устидаги қумни артди. Натижада бу оддий тош эмас, балки 3800 йиллик — қадимги Миср ва Канъон даврларига оид муҳр-тумор эканлиги аниқланди.
Мутахассислар бу топилмани милоддан аввалги ўрта бронза даврига оид деб белгилашмоқда. Мисршунос доктор Дафна Бен-Торнинг таъкидлашича, ўша даврда бундай тошлар нафақат безак ёки муҳр сифатида, балки диний рамз, мақом белгиси сифатида ишлатилган. Улар асосан қабрларда, ибодатхоналар ёки уй ичида сақланган.
Зивнинг опаси Омер Нитзан ижтимоий тармоқдаги постида шундай деган: “Қизалоқ тошни ишқалаб кўрганида, унда ўзига хос нақш борлигини пайқадик. Ота-онамизга кўрсатганимизда, бу оддий тош эмаслигини тушундик ва дарҳол археологларга хабар бердик”.
Тел-Авив университети археологи Одед Липшитс бу топилма ҳақида шундай деди: “Зив топган тош – бу ҳудуддаги Миср ва Канъон цивилизациялари ўртасидаги кучли алоқаларнинг яна бир далилидир”.
Археологлар ушбу ҳудудни 15 йилдан бери ўрганишмоқда ва бундай топилма жуда ноёб ҳолат сифатида баҳоланмоқда.







