Ўзбекистон

Журналистнинг устозига очиқ хати

“Неча-неча айтилмаган-у, айтилгани учун ер билан яксон бўлган ҳақиқатлар ҳақи ҳеч қурса шу ҳақиқатни бугун айтиб олишга изн бергайсиз…”

Журналистнинг устозига очиқ хати

 

Азиз устозим!

 

Шундай қувончли кунингизда сизни хафа қилишни истамасдим, олдиндан узр сўрайман. Лекин ўзингизнинг таълимингиз бўйича ҳақиқат ва холислик журналистнинг мотивидан фазилатига айланиб кетиши лозим. Неча-неча айтилмаган-у айтилгани учун ер билан яксон бўлган ҳақиқатлар ҳақи ҳеч қурса шу ҳақиқатни бугун айтиб олишга изн бергайсиз.

 

Тўғри, хато ўзимдан ўтган. Тақиқдаги нарсалар доим қизиқтирган. Кумирни ҳам, соҳани ҳам шундайини танлаганимни мана бугун тушуниб турибман. Ҳали талаба бўлмай аввал ўша пайтлари тақиқда бўлган Карим Баҳриевнинг “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китоби шу соҳани танлашимга сабаб бўлган, яширмайман. “Мана, гапирса бўларкану! Ҳақиқатларни, муаммоларни очиқ-ойдин айта олиш мумкин экан!” деган ғўрларча хулосамга ўралашиб, “тақиқланган” сўзига эътиборимни қаратмаганман. Балки энг жозибалиси шу сўз кўринганми!

 

Кейин сиз ўша ғўр тасаввуримларим, сўз эркинлиги ва ҳақиқат деган эҳтиёжларимни суғордингиз, парваришлаб, вояга етказдингиз. Сиз айтган журналистнинг асосий вазифаси халққа ҳақиқатни етказиш, адолат учун курашиш, тўғри ахборот олиш учун эшикдан бўлмаса тешикдан кириш, тезкорлик, жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб ахборот бериш, аммо хулоса бермаслик, ҳукм ўқимаслик, муаммога ҳар хил ракурсдан ёндашиш, холисликни таъминлаш, бир қадам олдинда юриш, ҳамма соҳадан хабардорлик, муаммоларга кўз юммаслик... каби ўнлаб талабларга жавоб бериши керак эди.

 

Журналистнинг яна бир исмини “ахлат титувчилар” дедингиз, ҳақиқий журналист энг зўр вазиятлардан ҳам битта камчилик топа олган одам, журналист халқи бировга ёқиш учун интилмаслиги керак... Эҳ-ҳе...

 

Ёза бошладим. Ёзганларинг ҳаммаси тўғри, лекин чиқариб бўлмайди. Аммо ёзишдан тўхтама, ёз! – деди илк устозим матбуотни назарда тутиб. Ва илк шубҳа пайдо бўлди: Нимани ёзай? Тўғри бўлмаган нарсаларними?

 

“Тўғри” ёзишни ўргангим келди. Ахборот агентилигига кирдим. Ҳукуматнинг тилидан ёза бошладим халққа. Асосий иш янги чиққан қонунга шарҳ ёзиш. У қонунларни шарҳлай туриб, уларнинг амалга ошишига, амалга ошса, мамлакатимиз қанчалар ўзгариб кетишига ишониб ҳам кетардим. Ёзганларимнинг ҳеч бири рад этилмай чиқа бошлади. Иккинчи шубҳа пайдо бўлди: Журналистика шуми? Ҳукумат нимаики иш қилса, уни халққа етказиб туришми? Унда бошқа вазифалари қаерда қоляпти?

 

Тақдир тақазоси билан вилоятда ишлашга тўғри келди. Тадбирбозлик, казо-казо делегацияларнинг алламбало интервьюларидан чарчаган одам учун у ер худди жанннатдек эди. Ҳафтада икки кун чекка туман, қишлоқларга борасан, одамларнинг турмуш тарзи, ўй-фикрини ўрганасан, пушти кўзойнагингни ечасан ва ҳақиқатни ёзасан! Ҳокимият газетасида туриб, бундай ҳақиқатларни айта олишингдан ҳайрон ҳам бўласан. Ва куни келиб тушуниб етасанки, бу ҳақ сўзларни сен (сен эмас аслида, сенинг воситангда ўша нашр) халққа яхши бўлиши, ҳақ томонда туришни лозим топганинг учун эмас, ўша вилоятнинг каттасига ёқиш, унинг назарига тушиш учунгина қилаётганингни! Кимларнинг шу мақсадига восита бўлаётганингни англайсан. Шубҳанг яна ортади: ким учун, нима учун хизмат қиляпман?

 

Ҳамма нарсадан ташқарида, эркин, мустақил журналист бўлишни, фақат ва фақат ҳақиқатни ёзишни истайсан. Ёзасан, лекин уни чоп этишга юраги катта нашрни тополмайсан! Ёки қўнғироқ бўлади, ёки тинчгина чоп этилмайди. Шубҳаларинг ортгандан ортади: Бу нашрлар нимаси билан ва нима учун тирик?

 

“Ўша” сўз тақиқ деган сўз билан синоним янграй бошлайди. Ич-ичингдан барибир ижодкорсан, ёзмай туролмайсан, минбар қидирасан. Нодавлат ОАВга кирганингда эса “эркинрооқдир” деган хомхаёлларинг пучга чиқиб, табу мавзулар, табу моддалар (Конституция)нинг рўйхати узаяди. Журналист бўлиб халққа берадиганинг “ўлди-отди”, “қўйди-чиқди” хабарлар. Одамларнинг миясини кераксиз информациялар, “қотил” хабарлар билан тўлдирасан, ўзинг ўша хабарларни бера-бера уларни жиноятга, саводсизлик ва зўравонликка, майда фикрлар билан ўралашиб қолишига имкон берасан.

 

Азиз устозим! Журналист бўлишнинг сир-асрорларини ўргатибсиз-у, лекин бу мамлакатга журналистлар керак эмаслигини айтмабсиз. Мақолангда ҳукм чиқаришга ҳаққинг йўқ дедингиз-у, аммо қандайдир амалдорнинг бир кечада журналист устидан ҳукм чиқариб, тақдирини ҳал қилиб қўйишидан огоҳлантирмабсиз. Ҳатто шахсийдан-шахсий ўз “блог”ингни ҳам юритолмаслигингни, кимгадир тегиб кетгани учун ёптириб, ўчиртириб юборишлари мумкинлигини шипшитиб ҳам қўймабсиз. Муаммоларни охиригача “кавлай олмаслигимиз”, кавласак ҳам бефойдалиги, кунимиз “сариқ ва қора” хабарларга қолишини, тўртта саволдан нарига ўтолмаслигимиз, “нима учун?”, “қандай қилиб?” сўроқларини лексиконимиздан чиқаришимиз кераклигини ҳам айтсангиз бўларди!

 

Ҳануз ҳақиқат, эрк учун курашаётганларга баъзан ҳавас қилиб қўяман: ҳафсаласи ўлмапти, умиди сўнмапти.

 

Азиз устозим, балки Сизда ҳам ўша умидлар бўлгандир. Орамиздан кимнингдир ўша тасаввурдаги журналист бўлишини истагандирсиз. Тўғрироғи, тақиқ қўювчиларнинг Сиздек устози бўлмаган чиқар.

 

Ҳозирги ёшлар бизчалик ғўр, содда, ишонувчан эмас. Кўриб хурсанд ҳам бўламан. Нега йилдан-йилга битириб чиқаётганларнинг пичоққа илинадигани йўқ, нега битта таҳлилий мақола ёзишни уддасидан чиқмайди, деб ўйлардим. Энди билсам, кучли журналистлар аудиториядан ташқари (ҳаёт)га чиқиб улгурмай ўлиб қоляпти экан. Улар тақиққа эртароқ учрапти, ишончсизлик эртароқ бошланибди ва тўртинчи курсни журналист эмас, бошқа соҳа вакили бўлиб, бошқа касбни танлаб битиряпти. Журналистикага эса кўпинча ҳаминқадарлар етиб келяпти.

 

Охирги вазият – Сергелидаги портлаш бўйича саволга кўмиб юборишди: Мана уч кун бўлди, бизда бирорта ОАВ ҳали тўғри, ишончли маълумот бергани йўқ унинг келиб чиқиши, ўлимлар сони бўйича. Ҳамма маълумотни турк, рус, бошқа каналлардан оляпмиз. Ўзбек журналистикаси тезкор, ишончли, ҳаққоний ва эркин сифатларига жавоб берадими?

 

Азиз устозим, қандай маслаҳат берасиз? Уларга ҳақиқатни айтайми ёки мен ҳам умид қилайми?

 

Журналистика университетида ўқиш кеаркми йўқми, саволи ҳамиша баҳсли. Тўғри тўрт йил умрни сарфлашга арзимас балки, аммо барибир журналистика илмидан хабардор бўлиш керак, устознинг этагидан тутиш лозим. Ҳеч бўлмаса, байрам кунлари қайсидир ташкилотнинг совға-саломига кўз тикмаслик, югургилаб бормаслик, у томонидан оғзининг ёпилишига имкон бермаслик, сотилмаслик, холислик ва этикани ўрганиш учун ҳам албатта ўқиш керак. Балки бу ҳам шахсият билан боғлиқдир, яна билмадим. Ҳар ҳолда, Устозлар шундай ўргатишган.

 

Азиз устозим, ҳафсаласи пир бўлмаган журналист шогирдларингиз номидан байрам муборак бўлсин дейман. Сиз ҳам шу жамиятдан ташқарида эмассиз. Балки шу йўл билан курашаётган чиқарсиз. Нима қилай, барибир Сизни ёмон кўриб бўлмайди!

 

Чексиз миннатдорман!

 

Журналистликни эплолмаган шогирдингиз
Севара Алижонова

 

custom img

Ўзбекистонда бир йил ичида ҳокимнинг 252 ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди

Судлар мансабдор шахслар иштирокидаги 153 та жиноят ишини кўриб чиқди.

custom img

Покистондaн Ўзбекистонгa илк чартер юк рейси орқали 17 тонна гўшт олиб келинди

Ҳаво юк ташиш ҳажми босқичма-босқич 100 тоннaгача оширилиши режалаштирилган.

custom img

Ангренда вояга етмаган қизни зўрлаган 4 шахс 7–12 йилга қамалди

Жиноят 2025 йил апрел ойида содир бўлган.

custom img

Тошкентда ФВБ ходими 1500 доллар пора билан қўлга тушди

У корхона раҳбаридан ёнғин хавфсизлиги жиҳозларини қабул қилиш бўйича баённома расмийлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган.

custom img

Халқ қабулхоналари тизими янгиланади: аризаларни қабул қилишдан ташқари муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлади

Янги тизим доирасида ҳокимлик, банклар, шаҳар бандлик ва МИБ бўлимлари ҳамкорлигида фуқаролар тадбиркорликка жалб қилинади, ишсизлар ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги вакант ўринларга жойлаштирилади.

custom img

“Ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифати бўйича норозиликлар кўп”

Президент бу борада энг кўп ариза тушган ҳудудларда ходимларнинг касбий ва муомала маданиятини ошириш бўйича ўқитиш шартлигини айтди.

custom img

“Сергелидаги кўприк муаммоси ижтимоий тармоқларда тарқалганидан кейин унга ечим берилди” — Президент

Шунингдек, Тошкент шаҳрида 170 минг ва Тошкент вилоятида 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмаган. Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар кўпайган.

custom img

"Айрим ҳудудлар ҳокимлари сайёр қабулларни "номига" ўтказяпти" — президент

“Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан “номига” гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юрибди”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"