Сўнгги ўн йилликда интернет – инсоният ривожланишида катта таъсир кучга эгалиги ҳамда ўзининг салбий ва ижобий оқибатларини келтириб чиқараётган восита деб таърифланмоқда. Унинг ёрдамида турли масалаларни ҳал этиш мумкин ёки аянчли оқибатларга олиб келувчи муаммоларга дучор бўлиш ҳам ҳеч гап эмас, албатта.
Дастлаб чатлар кўринишидаги ижтимоий тармоқлар пайдо бўлди. У одамлар суҳбатлашадиган маконга айланди. Шу сабаб, ҳар ким тилига келганини гапирди, яна кимдир сукут сақлаб, бошқаларни кузатиш билан банд бўлди. Хуллас, кўплаб одамларни бир чат мулоқот майдонига йиғишга эришди. Интернетнинг эгаси эса бойиш билан овора эди. Бу жараён ривожланиб эндиликда чатлар турли дастурлар ва сайтлар кўринишида махсус имкониятларга эга бўлди ва бутун дунёга кенг тарқалди. Хусусан, “Facebook”, “Twitter”, “Telegram”, “YouTube”, “TikTok” ва бошқалар шаклида.
Хўш, ўзимизга бир савол билан мурожаат қилсак: “Ижтимоий тармоқлар биз учун нимага керак?”. Мазкур савол орқали одамлардан турлича фикрларни олишимиз мумкин. Яъни “ижтимоий тармоқлар биз учун жуда зарур ва бугунги кун талаби” деб уни оқловчилар ва “ижтимоий тармоқлар бугунги кунда фойдасидан кўра зарари кўпайиб бормоқда ва унингсиз ҳам ҳаётимиз ўтаверади” дегувчи қарши тараф вакиллари. Икки тарафдан олиб қараганда фикрлар тўғри ва асослидир. Кимдир ундан тўғри, мақсадли ва самарали фойдаланган ҳолда ҳаётда ўз олдига қўйган мақсадларига эришмоқда ва кимдир ундан нотўғри фойдаланган ҳолда қимматли бўлган вақти, соғлиги ва капиталини сарфлаб ўз мақсадларига эриша олмай хунобда. Бу айни ҳақиқат.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг хабар беришига кўра, юртимизда фаолияти чеклаб қўйилган интернетнинг “Twitter”, “WeChat” ва “Вконтакте” ижтимоий тармоқлари жорий йилнинг 1 августидан ўз фаолиятини қайтадан бошлади. Бу тармоқлар фойдаланувчилари учун айни муддао бўлди. Рухсат берилди, дегани барча нарсани тарғиб қилавериш дегани эмаслигини фойдаланувчилари тушуниши зарур, аслида. Биргина мисол тариқасида келтирсак. “Telegram” мессенжер тармоғининг кўплаб каналларида уч нафар ёш қизларнинг “севги” борасидаги беҳаё ва одоб-ахлоқ нормаларига зид бўлган фикр ҳамда ҳаракатлари тасвирланган лавҳа тарқалди. Ўз ўзидан турли саволлар келади: “Ёшларимизнинг тарбиясига нима бўляпти?, Келажагимиз шу каби ёшларнинг қўлидами?, Бўлғуси оналар шундайми? Улар тарбия қиладиган фарзандлар қандай бўлади?” ва ҳокозо. Бу каби видео, расм ёки матнли хабарларни яна кўплаб учратишмиз мумкин. Айни “Twitter”, “WeChat” ва “Вконтакте” ижтимоий тармоқларининг фаолиятига рухсат берилиши ана шундай видеоларнинг кўпайишидек, гўёки.
Ҳар қандай имкониятдан оқилона фойдаланиш, уни самарали мақсадлар сари йўналтириш аввало инсоннинг ўзига боғлиқ, албатта. Шу ўринда мавлоно Жалолиддин Румийнинг қуйидаги фикрларини келтириш ўринлидир. “Эй доно одам, сен энг аввало нарсаларнинг моҳиятини бил, уларнинг алдамчи шаклига ишонма”. Қанчалик маъноли ҳикматлари бугунги кунга нечоғли монанд келмоқда. Бир қарашда гўзал ва яхши бўлиб кўринаётган лавҳалар ёшларимизни ўзига ром этаётир.
Келинг энди ижтимоий тармоқларнинг салбий жиҳатлари хусусида баъзи бир таҳлилий маълумотларига назар ташлайлик. UNICEF маълумотига кўра, интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисми 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлардир. Ана шундай бир ҳолатда, глобал тармоқда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайт мавжудлиги аниқланган. Шунингдек, UNICEF ўтказган сўровлар интернетдан фойдаланадиган ўсмирларнинг 90 фоизи ахлоқсиз сурат ва видеоларга дуч келиши, 60 фоизи эса бу турдаги ахборотни излаганини маълум қилган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчиларининг 35 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилари ва уларнинг аксарияти айнан ёшлар, шунингдек, болалар ҳам ҳисобланади.
Дарҳақиқат, физиологик маълумотларга кўра, инсонда 15–20 ёш – бу руҳий ўзгариш даври ҳисобланади. Ижтимоий тармоқлардаги беҳаёликни тарғиб қилувчи контентлар кўриш ва гуруҳ ҳамда каналларга аъзо бўлиб, уларни доимий кузатиб борувчилар, хусусан, ёшлар у ердаги фотосуратлар, видеолавҳаларни томоша қилишлари салбий оқибатларга олиб келишини билишмайди. Интернетдан самарали фойдаланишни ўргатиш механизми ҳали тўлиқ яратилгани йўқ.
Ижтимоий тармоқларнинг яна бир салбий жиҳати лоқайдликдир. Лоқайдлик – жамият ишига бепарво ва совуққонлик билан ёндашишни ифодаловчи маънавий иллат. Амир Темур бобомиз лоқайд инсонлар хусусида ўзининг “Темур тузуклари” китобида шундай дейди: “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”. Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш оқибатида одамни лоқайд ва бепарво юрувчи қиёфага кирмоқда. Кўрувчи кўзлар қотиб, эшитувчи қулоқлар эса мослашиб, одатий ҳолга айланмоқда.
Бизга маълумки, қаерда бепарволик ва лоқайдлик бўлса, энг муҳим ҳаётий масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша жойда маънавият ожиз ва заифлашади. Уларга маънавият бегона бўлади.
Ижтимоий тармоқларнинг салбий томонларидан яна бири – бу танбалликдир. Танбаллик – ишёқмаслик, дангасалик каби маънавий иллатларни ифодаловчи тушунча. Танбаллик инсонлардаги иллат ҳисобланади. Танбал киши ёлчитиб меҳнат қилмаса-да, яхши яшашни хоҳлайди, бировларнинг меҳнати эвазига кун кечиришдан асло уялмайди. Уятдан бегоналашган инсон дейиш мумкин.
Ушбу зарарли иллатларни яна давом эттириш мумкин: саводсизлик, сабрсизлик, одамовилик, ёлғизликка интилиш. Аммо виртуал оламда эса улар мард ва жасур. Оддий ҳаётида бу фазилатлардан асар ҳам йўқ, аслида. Маънан қашшоқлик деб шунга айтилса керак.
Айнан ана шундай инсонлар ҳаётни интернет ва смартфонсиз тасаввур қила олишмайдилар. Улар жонли суҳбат ўрнига тармоқдаги матнли мулоқотни (кўпинча ҳеч қачон кўрмаган “дўстлари” билан ҳам) афзал кўришади. Яна бир эътиборли жиҳати ҳозирги айрим ёшларнинг клипли тафаккур қилиш хусусиятидир. Клипли тафаккур бу атрофдаги оламни кичик ҳажмдаги видеоклиплар, қисқа метражли янгиликлар канали ёки бошқа муқобил кўринишда қисқа, ранг-баранг ва ёрқин бўёқларда идрок қилишидир. Бундай тасаввур қилиш “TikTok”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқлар учун айни муддаодир. Клипли лавҳа эгаларига катта ҳажмдаги маълумот ва ахборотни қабул қилиш муайян қийинчилик туғдиради. Турли ахборотларнинг жуда кўплиги фикрни жамлашни ва ўзлаштириш жараёнини мураккаблаштиради, сабрсизликни кучайтиради, иродасизликка олиб келади.
Мутахассисларнинг ўрганишлари натижаларига кўра, ижтимоий тармоқларда бачкана, маъносиз ва беҳаё мазмундаги, ҳақоратли сўзлардан иборат видеолавҳалар ҳамда хабарларнинг кўплиги аниқланган. Бундай мазмундаги контентнинг муаллифлар томонидан қўйилишига сабаб, кўп “like” олиш ва мухлислар сонини кўпайтириш ҳам ўзини ўзи кўз-кўз қилишдир.
Яна бир жиҳат ҳам борки, бу ҳам бўлса муаллифларнинг сленги, яъни сўзлашув (кўп ҳолатларда ҳақоратли) услуби. Мазкур мулоқот тилини “ўзрус тили” деса бўлади. “Ўзрус” тили – бу ўзбек ва рус тилларининг қоришмасидан иборат воқеликдир.
Лекин шуни ҳам тан олиш керакки, ижтимоий тармоқларнинг фойдали тарафлари ҳам бисёр. Хусусан, ахборот алмашинувининг жуда тезлиги ва масофа танламаслиги, фойдали контентларнинг мавжудлиги яъни, турли фан-техника ёки тил ўрганиш борасидаги видеолар жойлайдиган гуруҳларнинг мавжудлиги, техника тараққиётининг бу босқичида ҳатто кичик ёшдаги болаларнинг турли гаджетлардан фойдалана олиш интеллектини ортганлиги, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ундан фойдаланган ҳолда ривожлантириш ва бошқалар.
Шундай экан азизлар хулоса қилиш ўзимиздан, замон билан ҳамнафас юрамиз деб аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган ва умум эътироф этилган одоб-ахлоқ нормалари ҳамда маънавий қадриятларимизни оёқ-ости қилишимиз мумкин эмас. Асрлар оша давом этиб келган одобимиз, ахлоқимиз ва тарбиямиз билан келажак авлодга ўрнак бўлайлик. Унутмангки, сиз келажак авлоднинг тарбияси учун масъулсиз!
Алишер Мадрахимов,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кичик илмий ходими


