Наманганда аёл фарзандлари кўз ўнгида эрини пичоқлаб ўлдирди
Ҳодисага эри аёлининг бегона эркаклар билан ёзишиб юрганини билиб қолиши ортидан юзага келган жанжал сабаб бўлган.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида эрини фарзандлари кўз ўнгида пичоқлаб ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақида “Daryo” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 1989 йилда туғилган С. 2009 йилда Н. исмли йигит билан оила қурган. Ўн тўрт йиллик турмуш давомида улар уч нафар фарзандни дунёга келтирган.
С. Telegram мессенжери орқали Э., М. ва С. исмли эркаклар билан танишиб, улар билан яширинча ёзишиб юради.
Жорий йилнинг 28 февраль тунги соат 2:30 ларда Н.С.нинг телефонига келган “SMS”дан уйғониб кетади. Телефонни очиб кўрганида, у ерда бегона эркакларнинг хотинига ёзилган хабарларига кўзи тушади. Бундан ғазабланган Н. турмуш ўртоғини уйғотиб, хабарлар бўйича изоҳ сўрайди. Иккисининг ўртасида юзага келган жанжал оқибатида фарзандлари уйғониб, ота-онасини юмшатишга уринишади.
Бироқ ғазабдан тушмаган Н. хотини билан ажрашишини, бегона эркаклар билан ёзишганини қариндошларига айтишини ва уйдан ҳайдашини билдиради. С. қариндош-уруғлар ичида шарманда бўлишдан қўрқиб, хонадон токчасида турган ошхона пичоғини олади ва фарзандларининг кўз ўнгида турмуш ўртоғининг қорни, кўкраги ва орқа қисмларига санчиб олади. Н. кўп қон йўқотиши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлади. Онасининг қўлидан пичоқни тортиб олишга уринган фарзандлардан бири ҳам жароҳат олади.
Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг ҳукми билан C.T. Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.







