Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ижтимоий инфратузилма ва иқтисодий ривожланиш борасида эришилган муҳим натижаларга алоҳида тўхталди. Хусусан, 188 та маҳалладаги 715 минг нафар аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган тоза ичимлик суви етказилгани, шунингдек, қарийб 2 миллион 300 минг аҳолининг сув таъминоти яхшилангани таъкидланди.
Шу билан бирга, 867 та «оғир» маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун биринчи марта сув етиб боргани қайд этилди.
Жорий йилда аҳоли учун 8 миллион 100 минг квадрат метр кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, фуқаролар ўз ташаббуси билан 19 миллион квадрат метр майдонда қурилиш ишларини амалга оширди.
2025 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан 24 миллион квадрат метр нотурар жой объектлари барпо этилди. Умуман олганда, сўнгги тўққиз йил давомида мамлакатда жами 210 миллион квадрат метр турар жой ва нотурар жой объектлари фойдаланишга топширилган.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, жорий йилда Ўзбекистон тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Шунингдек, глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир шароитда мамлакат экспорти 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етгани маълум қилинди. Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари илк бор 60 миллиард доллардан ошди.
2025 йилда иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларни ташкил этди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизга тенг бўлиб, бу келгуси йилларда иқтисодиётнинг барқарор ва юқори суръатларда ўсиши учун мустаҳкам замин яратади.


