Фуқаролардан айрим дорихоналар фаолиятига оид шикоятлар келиб тушгани муносабати билан Рақобат қўмитаси томонидан “Сирли мижоз” тадбири ўтказилди. Мурожаатларда дорихоналарда тиббий спирт сўралганда, ходимлар томонидан унинг ўрнига лосьон таклиф этилаётгани қайд этилган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганишлар доирасида 20 дан ортиқ дорихона қамраб олинди. Натижада, уларнинг тахминан 25 фоизида харидор спирт сўраганида лосьон берилган ҳолатлар аниқланган.
Маълум қилинишича, дори воситаларини ишлаб чиқаришда GDP сертификатлари жорий этилиб, сифат назорати кучайтирилган даврда айрим ишлаб чиқарувчилар спирт учун лицензия олмаган ҳолда, унинг ўрнига лосьон ишлаб чиқаришга ўтган. Бунда истеъмолчиларга етарли ва аниқ ахборот берилмагани уларни чалғитиш ҳолатларига сабаб бўлган.
70 фоизлик тиббий спирт соғлиқни сақлаш амалиётида, жумладан:
- инъекция олдидан терини дезинфекция қилишда;
- тиббий асбоб-ускуналарни стерилизация қилишда;
- жароҳатларни даволашда;
- жарроҳлик амалиётларида кенг қўлланилади.
Лосьон эса таркибида спирт миқдори паст бўлган косметик маҳсулот бўлиб, асосан терини тозалаш, ортиқча ёғланишни камайтириш ва косметика қолдиқларини кетказиш учун мўлжалланган.
Мутахассислар таъкидлашича, тиббий спирт ўрнига лосьон қўлланиши кутилган самара бермаслиги, айрим ҳолатларда эса истеъмолчилар соғлиғига зарар етказиши мумкин.
Мазкур ҳолатлар истеъмолчиларга нотўғри ахборот тақдим этилиши сифатида баҳоланиб, Рақобат қўмитаси томонидан дорихоналарга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат юборилган.


