Ўзбекистонда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларига KPI асосида устама ҳақлар жорий этилди
Шунингдек, “Заковат” тўгараги раҳбарларига 50 фоиз миқдорида бонус тўланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мактаб директорларига, уларнинг ўринбосарларига ҳамда ўқитувчиларга меҳнат фаолиятидаги ютуқлар учун ойлик устама ҳақлар тўлаш тартибини белгилайдиган қарор қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог ходимларининг меҳнати уларнинг асосий фаолият кўрсаткичларига (KPI) эришиш даражасига қараб баҳоланади. Устама ҳақлар ушбу кўрсаткичлар асосида ҳар ой тўлаб борилади.
Бонус миқдорлари тўпланган баллар асосида қуйидагича белгиланади:
Директорлар учун:
- 61–70 балл — 3 фоиз устама;
- 71–80 балл — 10 фоиз;
- 81–90 балл — 15 фоиз;
- 91–100 балл — 20 фоиз.
Директор ўринбосарлари учун:
- 61–70 балл — 2,5 фоиз;
- 71–80 балл — 5 фоиз;
- 81–90 балл — 7,5 фоиз;
- 91–100 балл — 10 фоиз.
Мазкур тартибга кўра, мактабдаги раҳбар лавозимида камида тўққиз ой ишлаган шахслар бонус олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Баҳолаш мезонлари ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси, олимпиадалар ва фан танловларида эришилган ютуқлар, синфдан ташқари ижодий фаолият, шунингдек, тарбиявий ва маънавий ишлар самарадорлигини ўз ичига олади.
Шу билан бирга, “Заковат” интеллектуал тўгараклари координаторларига ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида бир марталик тўлов, жисмоний тарбия ўқитувчиларига эса фаолияти самарадорлигига қараб 20 фоизгача қўшимча рағбат пули берилиши назарда тутилган.
Янги тизим ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларнинг меҳнатини адолатли баҳолаш ҳамда таълим сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.







