2025 йилнинг учинчи чорагида HeadHunter (hh.uz) платформасида эълон қилинган иш ҳақлари ўртача 20,2 фоизга камайди. Айрим соҳаларда маошлар 72 фоизгача қисқарган.
Шу билан бирга, иш таклифлари сони 24 фоизга ошди — июль–сентябрь ойларида платформада 33 мингдан ортиқ фаол иш ўринлари жойлаштирилган. Бироқ Тошкентдаги таклифлар 81,9 фоизга камайган, Жиззахда эса 1,5 баравар, Наманганда 49 фоиз, Андижон, Фарғона, Бухоро ва Самарқандда 40 фоиздан ортиқ ошган.
Учинчи чоракда ўртача маош 4,36 миллион сўмни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 20,2 фоизга кам. Энг юқори ўртача маош Тошкентда — 5,08 миллион сўм. Аммо пойтахтда ҳам маошлар 41 фоизга пасайган. Навоий, Қарши ва Чирчиқда бу кўрсаткич мос равишда 100, 92 ва 22 фоизга яқин камайган.
Энг катта ўсиш Андижонда (+25 фоиз), шунингдек, Самарқанд ва Фарғонада (+2,7 фоиз) қайд этилган. Олий ва ўрта бошқарув соҳасида ўртача маош 8,94 миллион сўмни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 13,7 фоизга кам. Кейинги ўринларда юристлар (6,5 млн сўм), автомобиль бизнеси (6,48 млн), қишлоқ хўжалиги (6,16 млн) ва инвестиция–консалтинг (5,44 млн) соҳалари жойлашган.
Энг паст ўртача иш ҳақлари хавфсизлик (1,59 млн), суғурта (2,36 млн), уй хизмати (2,4 млн) ва умумий овқатланиш (2,65 млн) соҳаларида кузатилган. IT соҳасида ўртача маош 4,35 миллион сўмни ташкил этган. Маъмурий ходимлар учун иш ҳақи 72,6 фоизга камайиб, 3,13 миллион сўмга тушган. Қурилиш соҳасида 4,1 миллион (-62,5%), молия ва бухгалтерияда 5,02 миллион сўмгача (-47,7%) пасайиш қайд этилган.
HeadHunter маълумотларига кўра, энг кўп иш ўринлари савдо (15%), маркетинг ва реклама (11%) соҳаларида эълон қилинган. Фитнес, спорт ва гўзаллик йўналишлари 7,8 фоиз, автомобиль бизнеси 6,7 фоиз улушга эга. Энг кам таклифлар суғурта (0,1%), хавфсизлик ва ҳуқуқ (0,6%) соҳаларида. Шунингдек, суғурта соҳасидаги бўш иш ўринлари сони 2,5 баравар ошган.
Мутахассислар фикрича, бундай ўзгаришларга таклиф тузилмасидаги ўзгаришлар, мавсумий омиллар ва оммавий бўш иш ўринлари улушининг кўпайиши сабаб бўлган.


