Ўзбекистонда илк бор халқаро “Ҳалол” аккредитациясига эга сертификатлаш органи иш бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази матбуот хизмати хабар берди.
Янги ташкилот марказ ҳузурида тузилган бўлиб, Туркиянинг Halal Accreditation Agency (HAK) томонидан халқаро талабларга жавоб берувчи орган сифатида аккредитациядан ўтган. Мазкур ютуқ Ўзбекистон корхоналари учун халқаро “ҳалол” стандартлари бўйича маҳсулот ишлаб чиқиш ва экспортни кенгайтириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Мутаҳассисларнинг таъкидлашича, эндиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хорижий, айниқса, Ислом мамлакатлари бозорларига чиқишда халқаро миқёсда тан олинган “ҳалол” сертификатини олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган ишончни оширади ва экспорт ҳажмини кўпайттиради.
Маълумотларга кўра, глобал “ҳалол” озиқ-овқат бозори ҳажми 2 триллион АҚШ долларидан ортиқни, “ҳалол” туризм сектори эса 400 миллиард долларни ташкил этмоқда. Шу боис, Ўзбекистоннинг ушбу тизимда иштирок этиши мамлакат иқтисодиётининг янги экспорт йўналишларини очиб бериши кутилмоқда.


