1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

“Ўзгидромет”: Тошкентдаги ҳаво сифати 24 ноябрдан бошлаб яхшиланиши кутилмоқда

“Ўзгидромет” раҳбари ҳаво сифатининг ёмонлашиши сабаблари ва вазият қачон барқарорлашишини маълум қилди.

“Ўзгидромет”: Тошкентдаги ҳаво сифати 24 ноябрдан бошлаб яхшиланиши кутилмоқда

 

Ўзгидромет директори Шерзод Ҳабибуллаев Тошкентда ҳамда бир қатор бошқа шаҳарларда кузатилаётган ҳаво сифатининг кескин пасайишига оид омиллар юзасидан изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, бир нечта табиий жараёнларнинг бир вақтда содир бўлиши муаммо чуқурлашишига олиб келган. Вазият 24 ноябрдан кейин босқичма-босқич яхшиланиб бориши кутилмоқда.

 

Ҳабибуллаевнинг маълумотига кўра, ҳаво сифатига энг катта таъсир кўрсатган омил — ҳарорат инверсияси. Совуқ ҳаво ерга чўкиб, илиқ ҳаво юқори қатламда қолиб кетгани туфайли ҳаво қатламлари аралашмай қолади. Бу шароитда инсон саломатлиги учун хавфли бўлган PM10 заррачалари паст қатламда тўпланиб, ҳавонинг ифлосланиш даражасини оширади. Шунга ўхшаш ҳолат ҳар йили ноябрдан февралгача Олмаота, Бишкек ва Душанбе каби шаҳарларда ҳам кузатилади.

 

Иккинчи омил — ёғингарчиликнинг камлиги. Ноябрь ойида Тошкентда деярли ёмғир ёғмагани сабабли ҳаво табиий равишда тозаланмаяпти. Бу эса чанг ва куйик зарраларининг атмосферада узоқ вақт қолиб кетишига олиб келмоқда.

 

Учинчи омил — қурғоқчилик ва табиий чангнинг ортиши. Ўзбекистон қуруқ иқлим зонасида жойлашгани, вегетация пасайиши, глобал исиш таъсири ва шамол жараёнларининг кучайиши фонида чанг даражаси йил сайин ошиб бормоқда. Бу йил эса ҳатто шамолсиз кунларда ҳам PM10 кўрсаткичлари меъёрдан юқори бўлиб қолмоқда.

 

Ҳабибуллаевнинг таъкидлашича, ҳолат мавсумий характерга эга ва вақтинчалик. Ваколатли идоралар вазиятни узлуксиз мониторинг қилиб бормоқда ҳамда зарурат туғилганда қўшимча чоралар кўришга тайёр.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика