Паспортсиз авиачипта сотиб олиш мумкин — “Uzbekistan Airways”
Компания Сенатда айрим кассаларда чипта сотиб олишда фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилиниши билан боғлиқ қилинган танқидларга муносабат билдирди.

Яқинда Сенат мажлисида айрим кассаларда авиачипталарни расмийлаштиришда йўловчи паспортининг асл нусхасини тақдим этиш талаблари юзасидан аҳоли томонидан шикоятлар бўлгани айтилганди.
Бунга жавобан “Uzbekistan Airways” АЖ авиакомпания томонидан авиачипталарни сотиб олишда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурлиги тўғрисида талаблар мавжуд эмаслигини билдирди. Яъни, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг фотонусхалари билан ҳам авиачипта сотиб олиш мумкин.
«Тақдим этилган шахсий маълумотларнинг ишончлилиги ва долзарблиги учун барча жавобгарлик тўлиқ йўловчи зиммасига юкланади», — дейилади хабарда.







