Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 декабрь — Конституция куни муносабати билан халқга мурожаат йўллади. Табрикда Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги, тинчлик ва демократик ислоҳотларнинг бош кафолати экани алоҳида қайд этилди. Давлат раҳбари “Конституциямизнинг ижодкори бўлган мард ва олижаноб халқимиз доимо омон бўлсин”, дея юртдошларга эзгу тилаклар йўллади.
Табрик нутқида сўнгги йиллардаги сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар, парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятидаги ўзгаришлар, инсон қадри ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ютуқлар ҳақида батафсил сўз юритилди. Давлат раҳбарига кўра, янги қонунлар ва қарорлар фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси, маҳалла институти ва вакиллик органларининг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Президент, шунингдек, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, ижтимоий таъминот, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида эришилган натижаларни ҳам санаб ўтди. Ёшларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, Конституция қадриятларини чуқур ўргатиш ва ислоҳотларни изчил давом эттириш муҳим вазифа экани таъкидланди. Байрам муносабати билан давлат раҳбари халқга тинчлик, фаровонлик ва бахт тилади.


