Путин “Ўргимчак тўри” операцияси жавобсиз қолмаслигини айтди
Украина Россиянинг стратегик авиациясига зарба берди – Путин жавоб беришни ваъда қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин 4 июнь куни телефон орқали мулоқот қилиб, Украинадаги вазият ҳамда сўнгги “Ўргимчак тўри” номли ҳарбий операцияни муҳокама қилишди. Суҳбат тахминан бир соату ўн беш дақиқа давом этган.
Трампнинг сўзларига кўра, суҳбат очиқ ва жиддий руҳда ўтган, аммо ҳалигача тинчликка олиб келадиган натижага эришилмаган. Унга кўра, Путин яқинда Россия аэродромларига уюштирилган ҳужумга жавобан чора кўрилишини қатъий айтган.
“Президент Путин яқинда аэродромларга қилинган ҳужумга жавоб қайтариши кераклигини жуда қатъий таъкидлади” — деди Трамп.
Учрашув давомида Эрондаги вазият ҳам муҳокама қилинди. Трампнинг айтишича, у Путинга Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини билдирган ва бу борада Россия билан позициялари ўхшаш эканини қўшимча қилган.
1 июнь куни Украина Хавфсизлик хизмати Россиянинг бешта ҳарбий авиабазасига қарши пухта режалаштирилган операцияни амалга оширди. Ҳужумдан мақсад Россиянинг стратегик авиацияси, хусусан, қанотли ракета ташувчиларини ишдан чиқариш эди.
Операция бир ярим йилдан ортиқ тайёргарликдан сўнг бошланган. Унинг доирасида Россия ичкарисида жойлашган юк машиналаридан учирилган 117 та дрон иштирок этди. Бу дронлар Россия ҳудудининг турли нуқталаридаги стратегик объектларга зарба берган.
АҚШ разведкаси ва Ғарб ОАВларига кўра, зарбалар натижасида Россия камида: 6 та Ту-95 узоқ масофали бомбардимончи, 4 та Ту-22М самолёти ва бир неча А-50 разведка самолётларини йўқотган.
Бу йўқотишларнинг умумий қиймати миллиардлаб долларга баҳоланмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский бу махсус амалиётни “ноёб” деб атаб, хавфсизлик хизмати ходимларига миннатдорлик билдирган. У, шунингдек, операциянинг асосий бошқаруви Россия ҳудудида, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) биноси ёнида жойлашганини айтган.
Мутахассислар фикрига кўра, “Ўргимчак тўри” операцияси Россия-Украина урушида муҳим бурилиш нуқтасига айланиши мумкин.







