Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида алимент тўлашдан бўйин товлаб, яшириниб юрган эркак диван тагидан топилди. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судининг 2012 йилдаги қарорига асосан қарздордан 1 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун токи у вояга етгунга қадар яъни 18 ёшга тўлгунча алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Яккабоғ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздор алимент пулларини ўз вақтида ойма-ой тўлаб бориши тўғрисида расман огоҳлантирилган.
Аммо ижро ҳужжати талаблари бажарилмагач, дастлаб давлат ижрочиси томонидан унга ўз фарзандининг ҳаққини бермаганлиги учун кўриладиган қонуний чоралар тўғрисида ҳуқуқй тушунтириш берган.
Аммо шунда ҳам қарздор ўз бурчи ва мажбуриятини англамасдан давлат ижрочиларидан яширинишга уринган.
Шундан сўнг ходимлар ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга унинг яшаш хонадонига бир неча маротаба борса ҳамки қарздорни топиш имкони бўлмаган.
Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Бюронинг Қашқадарё вилоят бошқармаси Қидирув шўъбаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида қарздор топилган.
“Келгусида алимент пулларини ундириш ёки унга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилиши таъминланади”, дейилади хабарда.


