Президент Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни капитал бозорини янада ривожлантириш ҳамда банк соҳасида халқаро стандартларни жадаллаштириш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Унда қимматли қоғозларни маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида халқаро стандартлар асосида жойлаштириш, жумладан “дуал листинг” амалиётига рухсат бериш режалари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, бугунги кунда муомаладаги қимматли қоғозларнинг бозор қиймати 275 триллион сўмни ташкил этади, бироқ капитал бозорининг ЙИМга нисбатан улуши 20 фоиз бўлиб, бу жаҳон кўрсаткичларидан анча паст. Шу боис маҳаллий капитал бозорига камида 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, валюта облигациялари, глобал депозитар тилхатлар ва биржа инвестиция фондлари каби янги молиявий инструментларни жорий этиш таклиф қилинди.
Шунингдек, “тартибга солиш қумдони” ҳуқуқий режимини кенгайтириш, хорижий қимматли қоғозлар савдосига рухсат бериш ҳамда маҳаллий банк ва компанияларга Тошкент фонд биржасида хорижий валютада облигациялар чиқариш имконини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Давлат раҳбари капитал бозори ва банк секторидаги ислоҳотлар иқтисодиётни барқарор молиялаштириш ва халқаро инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, масъулларга аниқ топшириқлар берди.


