"Қурилиш соҳасига сарфланган ҳар бир сўм эгасигача тўлиқ етиб бориши зарур" — Шавкат Мирзиёев
Йиғилишда келгуси йилдан қурилишларда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилиши таъкидланди.

Бош прокурор ўринбосари бошчилигида республика штаби ва вилоят штаблари тузилади.
Улар қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатади.
Келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади. "Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Агар талаб бўлса, яна қўшимча ресурс ажратилади", — деди Президент.
Бундан ташқари:
- ипотека кредитлари ва субсидия олишда, уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар ипотека кредитлари шартларидан чиқариб ташланади;
- эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади;
- эҳтиёжманд аҳоли томонидан кредитни қайтаришда фоизнинг давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил - 10 фоиз этиб белгиланади (ҳозирда вилоятларда 10 фоиз, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан юқори қисми қоплаб берилмоқда);
- субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам берилади;
- ипотека кредитини олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берилади (бугунги кунда фақат яқин қариндошлар кафил бўла олади).
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлатимиз раҳбари ҳар бир ҳудудда уй-жой қурилиш кластерлари ҳамда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.







