7 ноябрь куни соат 22:48 да Самарканд вилояти Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Самарканд шаҳрининг “Абу Райҳон Беруний” кўчасидаги қудуққа қизалоқ тушиб кетгани ҳақида хабар келиб тушди. Мурожаатда қизалоқни қутқариш бўйича тезкор ёрдам зарурлиги қайд этилган.
Воқеа жойига етиб борган ФВВ қутқарувчилари махсус қутқарув анжомларидан фойдаланган ҳолда қизалоқни қудуқдан чиқариб олди. Қутқарув операцияси тез ва самарали ўтказилиб, ҳеч қандай жароҳат олиш ҳолати юз бермади.
Қизалоқ соғ-саломат ҳолатда ота-онасига топширилди. ФВВ мутасаддилари аҳолини хавфсизлик қоидаларига амал қилишга чақириб, айниқса болаларга эътиборли бўлишни эслатмоқда.


