"Сайловлар ўтган деб ҳисобланиши учун етарлича овоз берилди" — Баҳром Қўчқоров
Марказий сайлов комиссияси соат 11:00 га қадар овоз берган сайловчилар кўрсаткичини эълон қилди.


Қайд этилишича, 24 октябрь куни соат 8:00 ва 11:00 оралиғида 6 669 552 нафар сайловчи овоз беришга улгурган. Бу умумий сайловчиларнинг 33,6 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига мувофиқ, агар сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган ҳисобланади.
"Демак жорий сайловлар ўтган деб ҳисобланади ва бу билан барча сайлов жараёни иштирокчиларини табриклаймиз", - деди Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
Қорақалпоғистон Республикасида 331 377 нафар (31,7 фоиз),
Андижон вилоятида 672 733 нафар (37,3 фоиз),
Бухоро вилоятида 380 751 нафар (34,2 фоиз),
Жиззах вилоятида 276 640 (35,1 фоиз),
Қашқадарё вилоятида 600 528 нафар (32,1 фоиз),
Навоий вилоятида 182 989 нафар (29,4 фоиз),
Наманган вилоятида 609 278 (36,8),
Самарқанд вилоятида 621 013 нафар (28,3),
Сирдарё вилоятида 177 338 нафар (35,9 фоиз),
Сурхондарё вилоятида 589 739 нафар (40,2 фоиз),
Тошкент вилоятида 496 729 нафар (27,6 фоиз),
Фарғона вилоятида 938 937 (41,1 фоиз),
Хоразм вилоятида 346 804 нафар (32,5 фоиз),
Тошкент шаҳрида 444 696 нафар (26,9 фоиз) сайловчи сайлов ҳуқуқидан фойдаланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани Алишер Навоий маҳалласидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этганди.
Бундан аввал Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов, "Миллий тикланиш" демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ҳамда Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисова Учтепа тумани 116-мактабдаги 206-сайлов участкасида овоз бергани ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда 126 ёшли Хувайдо момо ўзи танлаган муносиб номзодга овоз бергани ҳақида хабар берилганди.







