Жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Бельгияга боради. Бу ҳақида “Zamon.uz” манбаси хабар берди.
Бу ташриф — Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатларида янги босқични белгилайдиган муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, Брюсселдаги музокаралар сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий ҳамкорликни янги форматда йўлга қўйиш ва “кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим”ни амалий мазмун билан тўлдиришга қаратилган бўлади.
2024 йилда Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 6,4 млрд долларга етди. Европа компаниялари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 30 млрд еврога яқинлашди.
Ташриф доирасида янги саноат, “яшил энергетика”, рақамли иқтисодиёт ва таълим соҳасидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.


