Сурхондарёга Афғонистон ҳарбий самолёти қулаб тушгани маълум қилинди
Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучларининг белгисига эга самолёт 15 август куни кечқурун Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қулаб тушди. Ижтимоий тармоқларда қулаган самолёт қисмлари ва камида бир инсон жароҳатланганлиги акс этган видео ва фотолар тарқалди.


«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Мудофаа вазирлиги ҳолатни ўрганаётганлигини маълум қилди, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан эса изоҳ олишнинг имкони бўлмаган. Нашрнинг Сурхондарёдаги манбаси икки нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиалига ётқизилганлигини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, бу воқеадан бир кун олдин касалхонага бошқа уч афғон аскари ҳам ётқизилган. Катта эҳтимол билан, гап Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида маълум қилинган уч ярадор афғон аскари ҳақида кетмоқда. Беш нафар афғонистонликнинг аҳволи ўртача деб баҳоланмоқда. Манбанинг таъкидлашича, ярадорлар «кўкрак қафасининг пенетрал жароҳати», «мия чайқалиши» ва бошқа ташхислар билан тиббий муассасага ётқизилган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, самолётда бўлганлар парашют билан сакрашга улгурган.
Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик ҳарбий хизматчининг касалхонага ётқизилганлиги ҳақида хабар берилмоқда. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Бу афғон самолёт билан қулаши боғлиқми ёки йўқми, маълум эмас.







