Сўнгги бир ой давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаво сифатини яхшилаш ҳамда зарарли чиқиндиларни камайтиришга қаратилган кенг кўламли экологик текширувлар ўтказилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Хусусан, 25 ноябрдан 24 декабргача бўлган даврда ўтказилган назорат тадбирлари давомида мутахассислар томонидан жами 1 128 та экологик қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, уларнинг ҳар бири бўйича белгиланган тартибда маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Текширувлар натижасида атроф-муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатгани аниқланган 110 та саноат объектининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Ушбу корхоналарнинг 99 таси Тошкент вилоятида, 11 таси эса Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган.
Қоидабузарликларни бартараф этиш учун уларнинг фаолияти 10 иш кунигача тўхтатилган.
Комиссия томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Текширувлар якунига кўра, 94 та иссиқхона мажмуаси чанг ва газни тозалаш ускуналари билан жиҳозланди. Шу билан бирга, иссиқхоналарни экологик тоза ёқилғига ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ҳозирга қадар 6 та иссиқхона мажмуаси газ тармоғига уланган, яна 7 таси газлаштириш учун техник шартлар олиш мақсадида ариза топширган.
Назорат тадбирлари изчил давом этмоқда. Жумладан, 23 декабрь куни ўтказилган текширувлар давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг яна 8 та бузилиши қайд этилди.


