Ҳиндистоннинг Калкутта шаҳри яқинида вакцина ва аниқ давоси мавжуд бўлмаган ўта хавфли Нипаҳ вируси тарқалиши қайд этилди. Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, вирус ҳозирча мамлакат ҳудудида аниқланмаганини маълум қилди.
Мутахассислар таъкидлашича, Нипаҳ вируси зооноз касаллик бўлиб, у ҳайвонлардан одамларга юқади. Асосий манба сифатида кўршапалаклар кўрсатилади. Вирус, шунингдек, зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали ёки одамдан одамга ҳам юқиши мумкин.
Нипаҳ вируси оғир кечувчи касалликларни, жумладан, бош мия яллиғланиши ва нафас йўллари зарарланишини келтириб чиқаради. Сўнгги йилларда Ҳиндистонда ушбу вирус билан боғлиқ ҳолатлар мунтазам кузатилмоқда, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиёнинг айрим давлатларида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган.
Қўмита Ҳиндистонга сафар режалаётган Ўзбекистон фуқароларига эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишни тавсия этди. Хусусан, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни совун билан тез-тез ювиш, антисептиклардан фойдаланиш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш, текширилмаган сувни ичмаслик ҳамда кўршапалаклар тишлаган ёки шикастлаган меваларни истеъмол қилмаслик зарурлиги эслатилди. Юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки бошқа аломатлар пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилди.


