Куни кеча Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси таклифига мувофиқ, Аралаш жанг санъати юлдузи, УФСнинг мутлақ (собиқ) чемпионларидан бири жаҳонга машҳур Хабиб Нурмагомедов Тошкентга Аралаш жанг санъати фаолияти билан танишиш мақсадида ташриф буюрганди.
Ташриф доирасида фахрий меҳмон уюшманинг расмий манзилгоҳи Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Жар» спорт мажмуасида ташкил этилган марказий идора фаолияти билан танишди.
Мажмуада таниқли спорт арбобини Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раиси Азиз Ташпулатов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Аралаш жанг санъати ассоциацияси раҳбарияти, Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари ҳамда спортчилар кутиб олдилар.
Тадбир жараёнида меҳмонлар юртимиздаги аралаш жанг санъати фаолияти, «Жар» спорт мажмуасида спортчиларнинг тайёргарлик жараёни ва яратилган инфратузилма билан яқиндан таништирилиб, мамлакатда мазкур спорт соҳасини янада ривожлантириш ва аралаш жанг санъатини оммалаштириш ҳамда халқаро тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хабиб Нурмагомедов ўз тажрибасидан келиб чиқиб, спортчиларни профессионал тайёрлаш бўйича тавсиялар берди ва Ўзбекистонда спорт салоҳияти юқори эканини алоҳида таъкидлади.
“Ҳозирги кунда Ўзбекистон бокс спортида дунёда етакчилик қилиб, энг кўп олтин медалларни қўлга киритаётган давлат сифатида тимсолланиб келмоқда. Ишонаманки, агар ўзбекистонлик ёшларга бошқа спорт турларида, хусусан аралаш жанг санъатида шароит яратилиб, тўғри йўналиш берилса, яқин келажакда дунё саҳнасида кучли спортчилар орасида етакчилик қилишади“, — деди Нурмугамедов учрашув чоғида.
Учрашувда аралаш жанг санъати бўйича ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, халқаро мусобақалар ўтказиш ҳамда соҳа йўналишида мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш каби ташаббуслар режалаштирилди.
Шунингдек, Хабиб Нурмагомедов ёш спортчилар билан учрашув ўтказди. Уларга мотивацион, ташаббусга ундовчи нутқ сўзлаб, шахсий тажрибаси билан ўртоқлашди.


