Тошкентдаги клиникада 9 ёшли бола жарроҳлик амалиёти пайтида вафот этди
Ринопластика жарроҳлиги чоғида рўй берган фожиадан сўнг прокуратура текширув бошлаган.

Тошкент шаҳридаги хусусий клиникалардан бирида 9 ёшли бола жарроҳлик амалиёти пайтида ҳаётдан кўз юмди. Маълумотларга кўра, бола бир ҳафта аввал клиникада тиббий кўрикдан ўтган ва 25 август куни бурун соҳасида ринопластика амалиёти қилинган. Афсуски, бола операциядан сўнг ҳушига келмай, вафот этган. Бу ҳақда Zamon.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.
Тошкент шаҳри прокуратураси ҳодиса юз берганини тасдиқлади ва воқеа юзасидан терговга қадар текширув бошланганини маълум қилди.
Расмий маълумотга кўра, 2016 йилда туғилган бемор билан боғлиқ ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Прокуратура текширув жараёни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб борилишини, якунида қонуний қарор қабул қилинишини таъкидлади.







