Қаршидаги хонадонда газ портлади: жароҳатланганлар бор
Ҳозирда ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳолатларини аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

22 ноябрь куни соат 00:28 да Қарши шаҳри Батош маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли турар жой биносининг 2-қаватидаги хонадонлардан бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида 2 нафар фуқаро куйиш тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган.
Шунингдек, чақнаш натижасида ёнғин юзага келган ва қутқарувчилар томонидан қисқа вақтда ўчирилган.
Айни пайтда масъул идоралар томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳолатларини аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ФВВ фуқаролардан газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этишни, газ жиҳозларини назоратсиз қолдирмасликни сўради.








