Абитуриентлар имтиҳонга киришдан олдин нималарга эътибор қаратишлари керак?
Олий таълимга кириш имтиҳонлари олдидан ҳар қандай абитуриентни қўрқув ва ҳаяжон босиши, шубҳасиз. Ҳатто, баъзи бир ўқувчиларнинг томоғидан овқат тугул сув ҳам ўтмай қолади. Аммо бундай ҳолатларни олдини олиш ва енгишга қарши бир неча синалган усуллар борки, улар имтиҳонга кирган ҳар бир ўқувчига ёрдам беради:


1. Энг аввал ўзингизда имтиҳон саволларига тайёр эканингизга ишонч ҳосил бўлсин!
2. Имтиҳонга киришдан олдин тўйиб ухланг. Кўпчилик ёшлар тайёргарлик кўраман, деб имтиҳондан бир кун аввал кечаси билан “шпаргалка” ёзиб чиқишади. Бу нотўғри. Тўйиб ухламаслик мия фаолиятининг ёмон ишлашига олиб келади.
3. Овқатланиш режимига қатъий амал қилинг. Имтиҳон ўтгунга қадар қовун-тарвуз, мева-чевалардан нафсингизни тийинг.
4. Мияни фаоллаштириш учун ёнғоқ истеъмол қилинг.
5. Имтиҳонга киришдан аввал енгил ҳазм бўладиган таомлар тановвул қилинг. Оч кирманг. Чунки қорин оч бўлса, мия суст ишлайди.
6. Имтиҳон куни ва имтиҳонга киришдан олдин зинҳор одатдагидан кўп кофе ёки чой ича кўрманг. Ҳаммаси меъёрида бўлсин.
7. Имтиҳонга киришдан олдин танани бўшаштирадиган машқ бажаринг! Миянгизга “Мен тинчман, жудаям хотиржамман” каби буйруқлар беринг ва ўзингизни тинчлантиринг.
8. Ўзингиз билан бирга сув олиш ёдингиздан чиқмасин!
9. Имтиҳонга бош кийим билан кириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ОТМларга кириш тест синовлари 5-августдан бошланади. Тест синовлари қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади: 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да бошланади.
Баҳринисо Мадумарова







