Ноябрь ойидан бошлаб онкологик ва гематологик беморларнинг даволанишга келишларида транспорт харажатлари тўлаб берилади
1 ноябрьдан бошлаб онкологик ва гематологик беморларнинг республика ихтисослаштирилган муассасаларига даволанишга келишлари учун транспорт харажатлари маҳаллий бюджетдан қоплаб берилади.

Хабарингиз бор, Президент жорий йилнинг 27 майида “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор имзоланган эди. Унга кўра, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу марказ 2022 йил 1 январдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, мазкур қарорда 2021 йил 1 ноябрга қадар Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда инвестиция дастурлари доирасида тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозланиши айтилган. Бу вазифани Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда амалга ошириши белгиланган.
Бундан ташқари 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб онкологик ва гематологик беморларнинг ҳудудлардан республика ихтисослаштирилган марказларига келишда транспорт ҳаражатлари тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши айтилади. Бунда темир йўл ва авиатранспорт воситалари назарда тутилган.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг Болалар гематологияси ва онкологияси бўлимлари Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказининг ташкилий-методик ҳудудий бўлинмалари ҳисобланади.
Марказ фаолияти жараёнларига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини юритиш билан боғлиқ амалдаги тартиблар татбиқ этилади.
Бундан аввал Ўзбекистонга саратон касалликларини даволашда ёрдам берилиши ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







