"Талабалар шаҳарчаси"даги ўриндиқлар тунаб қолиш учун ўрнатилганми?(2-мақола)
“Талабалар шаҳарчаси”даги яшил майдонлар уйсиз талабалар учун ётоқхона бўлди.

"....келганимдан буён вилоятлик танишимникида эдим. Бугун уйдан чиқишга мажбур бўлдим. ...баъзиларга ўхшаб, кўчада ётганим йўқ, Худога шукр."
“Турар жойимни аниқ қилмай борсам, кўчада қолишдан қўрқаман.”
“Ота-онамизга бу муаммоларни айта олмаймиз. Ё хавотирдан “юраклари ёрилади” ё ўқишни ташлаб уйга қайтишга мажбурлашади.”
Aввалроқ, вилоятдан пойтахтга ўқишга келган талабаларни қийнаётган ИЖАРА муаммоси ҳақида мақола эълон қилган эдик. Бу ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан кўплаб фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Ҳатто, айрим талабалар таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, бу масаланинг ижобий ҳал этилишида кўмак ҳам сўрашди.
Шундан сўнг биз мавзуни давом эттиришга қарор қилдик.
Сўнмаган умид
Ижарага уй излаб, туну-кун интернетдан безиган, яшашга жойи бўлмай вилоятлик танишининг уйида вақтинча яшаб юрган талабанинг яраларини янгиладик чоғи, у кўплаб шериклари ҳам шу ҳолатда эканини айтиб берди.
— Дарслар бошлангандан буён Тошкентдамиз. Барча шерикларимиз билан бир гуруҳ бўлиб, "квартира" қидирдик. Бироқ ҳалигача тополмадик. Уйма-уй юриб, унисидан-бунисига югуриб, вақтнинг алламаҳал бўлганини сезмай ҳам қоламиз. Мана, бугун ҳам баъзи уйларни кўрдик, ўхшамади.
— Қийналмаяпсизми? Бугун қаерда қоласиз?
— Худога шукр, баъзи талаба йигитлардек кўчада ётганимиз йўқ. “Квартира” тополмаганлар, шаҳарда таниш-билиши йўқлар (асосан, биринчи курслар), “Талабалар шаҳарчаси”нинг ўтлоқларида тунни бедор ўтказмоқда.
— Бугун қаерда қоласиз? Кечаги жойингизга бориб турасизми?
— Бугун у ерга қайтолмаймиз. 10 сентябргача келишгандик. Ўзи у уйда одам жуда кўп. Бугун яна аввалдан келишиб қўйган шериклари келади. Биз сиғмаймиз.
— Унда қаерда қоласиз?
— “Квартира” топилади, деб ишониб турибмиз. Топилмаса, кунлик “квартира”ларга борамизда!
Бу кеча (9 сентябрь)ги суҳбат. Ушбу талаба бизга бегона бўлмагани боис, ундан ҳавотир олиб, ярим тунда қўнғироқ қилдик. У: “Кўчада қоламанов, бирор кафеда ўтирармиз” дея ҳомуш ҳолда алоқани узди...
Танишларимиздан “Талабалар шаҳарчаси” кўчасида тонг оттираётган талабалар ҳақида эшитганимиздан сўнг, у ерга бориб, ҳолатни ўрганишга қарор қилдик.
Соат 23:00. Кўзлаган манзилга етиб борганимизда юклари билан тўпланиб ўтирган талаба йигитларга кўзимиз тушди. Aввалига иккиландик, балки шунчаки ўтиришгандир, дея. Лекин одобсизлик бўлса-да, уларга чин дилдан ёрдам қилиш мақсадида, уларнинг гапларига пинҳона қулоқ тутдик. Уларнинг суҳбати “КВАРТИРА”, ЁТОҚХОНА ва уни олишда керак бўладиган ҳужжатлар ҳақида эди: "...бермади. Ололмадим. ...ҳужжат олиб кел деганди, ....мени ҳам чиқариб юборди. Пойтахтда ўқишни бир умр орзу қилгандим, аммо бошиданоқ бундай қийналаман деб сира ўйламагандим...”
Уларнинг вазиятини ўрганиш учун бир йигитни ёнларига жўнатдик. Уялишдими, қўрқишдими, билмадик. Муаммолар ҳақида умуман сўз очишмади.
Ишхонада қолган талаба қизлар
Иккита тенгдошимиз ҳам ҳудди шу муаммо туфайли кўпдaн бери қийналиб юрибди.
— 1-курс вақтимиздан бери шу аҳвол. Пул бор, уй йўқ, мана шу кўпроқ алам қилади. Уй топишнинг ўзи ҳам, ижарага қўювчиларга ишониш бир муаммо. Ота-онамизга бу дардларимизни айтолмаймиз. Ё ҳавотирдан “юраклари ёрилади”, ё ўқишни ташлаб, уйга қайтишга мажбурлашади. Ўқишга кирганимиздан буён ижара билан боғлиқ муаммоларга кўп дуч келдик. Орада буюмларимиз йўқолди. Кўчада қолмаганмизку, деб хурсанд бўлиб юргандик. Тўғри, кўчада қолмадик, ишхонада қолдик. Ўша кунлари “квартира” қидирдик. Телефон қилиб тинмадик, ё банд, ё уйда эркак киши бор, ёки уй жуда узоқ, шароити йўқ, лекин нархи фалон пул. Бир кун ишда тонг оттирганимиздан сўнг ҳамкасб опамиз қўярда-қўймай уйига олиб кетди. Болаларининг хонасидан бизга жой ҳозирлаб берганида, уй ўзиники деб ўйлагандик. Кейин билсак, бу оиланинг ўзи ҳам ижарада турар экан. Ҳозир уларни уйида яшаяпмиз, ижара уйлар "тинчлангач" яна қидиришда давом этмоқчимиз. Хуллас, ижарага уй топиш керак!"
Турар жойимни аниқ қилмай борсам кўчада қолиб кетишдан қўрқаман
Университетда ўқийдиган 3-курс талаба қиз учун ҳали “дарслар бошлангани йўқ.” Чунки уни шаҳарда қолишга жойи йўқ. Ётоқхоналар эса ҳали тақсимланмаган.
— Танишларим йўқ, кўпчиликдан сўрадим, ҳеч қаерда жой йўқ экан. Ўзимизга ҳам тополмаяпмиз дейишди. Турар жойимни аниқ қилмай борсам кўчада қолиб кетишдан қўрқаман. Ота-онам ҳам рухсат бермайди."
Декан эса дарс ўтаётган ўқитувчидан қатнашмаётганлар устидан билдирги ёзиб беришини сўраган, талабаларнинг дарсда қатмашмаётгани сабабини эмас.
Қизиқ, қанча талабалар дарсда қатнашмаётгани ёки кечаси кўчада тунаб қолаётганини наҳот билишмаса? Талабалар ижара, ётоқхона муаммосидан қачонгача қийналишади? Улар ўқисинми, ижарага уй изласинми ёки ётоқхона ортидан қувласинми? Ё талабаликнинг олтин даври шу каби заҳматлар ортига яширинганми?
Елкага қуёш тегдими?
Айни шу кунларда юқоридаги вазиятларни бартараф этиш мақсадида “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ келгуси йиллардан талабаларнинг бу каби муаммолари босқичма-босқич бартараф этилади. Республика бўйича жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилади. Шундан ҳудудларда 2022 йилда 47 та, 2023 йилда 67 та, 2024 йилда 62 та, 2025 йилда 52 та талабалар турар жойлари қурилади.
Талабалар ётоқхоналари давлат-хусусий шериклик асосида қуйидаги шаклларда ҳам барпо этилади:
➖ лойиҳаларни тадбиркорнинг ўз маблағидан келишиладиган шартлар асосида молиялаштириш;
➖ лойиҳаларни тадбиркор ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аралаш молиялаштириш (камида 200 ўринли турар жойни барпо этиш учун);
➖ лойиҳаларни тадбиркорнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш (камида 400 ўринли турар жойни барпо этиш шарти билан).
Турар жойларни қуриш учун вилоят ҳокимлари томонидан ОТМга 0,5 гектаргача ер унга яқин жойлардан ажратилади.
Тадбиркорга тегишли ер ёки бинода камида 50 ўринли турар жой ташкил этиш тизими жорий этилади.
Бунда тўлов ОТМ билан келишилади ҳамда у ерда яшаган ҳар бир талаба учун тадбиркорга бир ўқув йили учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 10 баравари, бошқа ҳудудларда эса 5 баравари миқдорида субсидия ажратилади.
ОТМларнинг ошхона ва буфетларини олган тадбиркорларга давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланилади.
Бунда тадбиркорлар талабалар учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрлаш ҳамда уларни арзон нархларда сотиш мажбуриятини олади.
2021 йил 1 сентябрдан талабалар билан ишлаш бўйича “гуруҳ мураббийи” институти бекор қилинди. Унинг ўрнига 1–3-курс талабалари учун муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи тьюторларни бириктириш амалиёти йўлга қўйилди.
Ҳар 120-150 нафар талабага 1 та штат бирлиги ҳисобида “Тьютор” лавозими жорий этилади.
Умид қиламизки, мазкур қарор ижроси самараси ўлароқ, талабалар орасидаги ижара ва ётоқхона муаммосига бу йилнинг ўзидаёқ хотима ясалади. Келаси йил улар ўқишнинг илк куниданоқ аъло кайфиятда билим олишга бел боғлайди.
Баҳринисо Мадумарова,
Мафтуна Режаббаева







