Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистондаги кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратди
Шавкат Мирзиёев 5 июль, душанба куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.


Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Тожикистон муносабатларининг икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқди ҳамда минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашди.
Минтақада Афғонистон йўналишидаги аҳволнинг ёмонлашиши ва кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Яқин идоралараро мувофиқлашувни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Президентлар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирларни, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувини ўтказиш режасини кўриб чиқди.







