Болаларни жазолаш ва калтаклаш мумкин эмас
ота-она бўлиш қийин вазифадир ва баъзан турли муаммолар келиб чиқади.

Тасаввур қилинг: болангиз сиз авайлаб – асрайдиган чиройли чинни идишни синдириб қўйди ёки уйингиз деворларини “бежаб” қўйди. Жаҳлингиз чиқиб, унга қандай қилиб қўл кўтарганингизни билмай қоласиз.
Бу воқеа тирикчилик ташвишлари билан сизнинг ёдингиздан кўтарилиши мумкин, аммо боланинг руҳиятига қандай таъсир қилади? Психолог Умида Каримова билан ушбу мавзуда суҳбатлашдик.
Албатта, сиз болани ҳеч қачон ва ҳеч қандай шароитда калтаклаш мумкин эмаслигини эшитгансиз, биласиз. Лекин ота-она бўлиш қийин вазифадир ва баъзан турли муаммолар келиб чиқади. Бундай пайтларда бошқа ечимларни излашга ишонч ҳосил қилиш учун «имконсиз» дан кўпроқ нарсани хоҳлайди одам. Аввало жисмоний жазоларнинг сабаблари ва оқибатларини тушуниш ва муқобил тарбия усулларини топиш керак.
Жисмоний жазо. Ота-она болаларни тарбия мақсадлари учун ўз манфаатлари учун уриш керак бўлган ҳолатлар мавжуд деб ҳисоблайди. Бу барқарорлик билан ҳурмат қилинадиган қоидадир.
Ҳужум. Ота-она болаларни калтаклаши яхши эмас, деб ҳисоблайди, лекин баъзи ҳолларда у назоратни, сабр-тоқатни йўқотади ёки бошқача йўл тутишни билмайди. Ҳар бир вариант турли хил оқибатларга олиб келади.
“Мен билан ундай гаплашма”, “Сенга мумкин эмас” каби сўзлар бола руҳиятига салбий таъсир қилади. У ўзини кераксиз ҳис қилиши мумкин.
Болаликда кўп жазоланиш боланинг психологиясига турлича таъсир қилади. Келинг, бугун уларнинг бир қанчасига назар ташлаймиз.
Энг ёмони эса болани жазолаш ва уни гапларини эшитмаслик, “бошқалар мендан яхшироқ билади” деб фикр шаклланишига сабаб бўлади. Кейинчалик бола келажакда ҳам ўз истак ва хоҳишларини айтмайди. Ҳаттоки, ҳаракат қилмасликни афзал билади. Бизнинг менталитетда бола неча ёшда бўлса ҳам бола деган қараш мавжуд. Аммо бу нотўғри. Уни ёшлигидан мустақил бўлишга ўргатиш керак.
Жазоланган болаларнинг баъзилари ота-оналаридан сир сақлашни бошлайди. Уларнинг жазоланиши ва доимий “мумкин эмас”лар болада аслида бу нима эканига қизиқиш уйғотади. У қизиққонлик билан ўзи нимадир қилишга уринади. Унинг ягона мақсади ота-онаси билмаслиги, яъни жазоланмаслик. Шу сабаб ёлғон гапиришни ҳам ўрганади.
“Ким кучли бўлса – ўша ҳақ”. Жазоловчи ким? Ота ёки она – кучли. Жазоланувчи эса бола – кучсиз. У буни кичиклигиданоқ ҳис қилади. Натижада у кучли бўлишга ҳаракат қилади. Бу йўлда илк қадамлар тенгқурларини уриш, ҳақоратлаш бўлса, кейинчалик бешафқат инсонга айланиш эҳтимоли пайдо бўлади.
“Нима истасанг қил – фақат кейин тўлови бор”. Бу каби фикрловчи болалар кейинчалик улғайганда ҳам ҳамма нарсанинг тўлови бор деб ҳисоблайди. Масалан, онаси тақиқлаган шоколадни ейиш мумкин, фақат кейин камар билан калтакланишга тайёр туриш керак. У ҳар бир ҳаракат учун жазоланиши мумкин деб жазони кутиб яшайди.
“Эътибор тортиш учун жазоланиб туриш керак”. Бу каби ҳолат кўп болали оилаларда бўлиб туради. Эътибор истаган бола (одатда катта фарзандлар) турли “қилма” деб таъқиқланган ишларни атайлаб қилади. Шунда жазоланса ҳам менга эътибор беряпти деб ҳисоблайди.
Баъзи болалар “мен ҳеч кимга ишонмаслигим керак” деб ҳисоблай бошлайди. Бу эса ота-онасига ишончсизлик руҳиятини беради. Шу билан бирга бундай болалар ёлғиз қолишни истайди, дўстлари бўлмайди.
Бола хато қилса нима қилиш керак?
Аввало ота-оналар “агар шунақа қилсанг жазолайман” деган сўзни ишлатишни камайтириши керак. Унинг ўрнига бу вақт ва асабларни чарчатса ҳам ўзини қўлга олиб, болага нега бу ишни қилиш мумкин эмаслигини тўғри тушунтириш керак. Болалар ширин сўз ва меҳр-эътиборга муҳтож бўлади, айниқса ота-онасига. Аввало, хато қилмасликга ўргатинг. Аммо хато қилганида ҳам уни жазолаш эмас, тушунишга ҳаракат қилинг. Бола ҳар бир инсон хато қилиши мумкинлигини ва буни тўғрилаш мумкинлигини тушунсин. Кичиклигида берилган руҳий зарбалар келажакда ҳам уни доим таъқиб қилиб, эркинлиги ва ҳаётига таъсир қилади.
Бола “мумкин эмас” ишларни қилганида шу вақтнинг ўзида у билан гаплашманг. Жаҳлингиздан тушганингиздан кейин гаплашиб олинг. Бола ҳам бу вақтда тушунади ва сиздан узр сўрайди.
Фарзанд учун кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қилинг. У билан ўйнанг, эшитинг. Гаплашганда бола сифатида эмас, катталар каби гаплашинг.
Унинг фикри муҳим эканлигини ҳис қилишига имкон беринг. Айтайлик, бирон кийимни у учун олмоқчисиз, унга иккита ёки учта ўзингиз танлаган вариантни кўрсатинг ва фарзандингиз ўзи танласин. Бунда бола ўзининг фикри муҳим эканлигини ҳис қилади ва ўзини назорат қилишни ҳам ўрганади.
Гаплашганда фарзандингизнинг боши ва елкаси силанг. Бу болани тинчлантиради ва хотиржам қилади.
Синдирилган идиш, еб қўйилган ширинликлар фожиали воқеа эмас. Булар “таъқиқланган” бўлиши мумкин, аммо бу каби ҳолатлар бўлиш эҳтимолини ҳисобга олиш керак. Еб қўйилган ширинлик учун урушмасдан, “энди тишинг қуртлаб кетади” деб тушунтириш ишларини олиб бориш керак.
Унутмаслик керакки, болалар ёш ва шўх бўлади. Бундай вазиятларда уларни тўғри тарбиялаш учун ота-она ўзини назорат қила олиши керак. Ёш боласи бўлган оналар тўйиб ухлаб олишни унутишмасин. Бу асаб тизимига ҳам ижобий таъсир этади.
Шаҳноза Холиқова







