Тузум бошқа, тил ўша(МИ?)
Ҳиссиётлар турли хил, ҳаммасининг ўз завқи, шавқи, ҳаяжони бор. Шундай завқли ҳиссиётлардан бири – ўз ватанингда отанг, онанг, бобонг, бувинг бир-бирига меҳрини изҳор қилган, онанг алласи эшитиб, катта бўлган тилда сўзлашмоқдир. Бу катта гап, уни сезиш учун улуғвор қалб, кенг кўнгил керак.


Фаолиятим кўплаб давлат идоралари билан ишлашни тақозо қилади. Шу сабабдан вазирлик ва қўмиталар билан боғлангангимда алоқа операторлари асосан русий забонда ирод этишмоқда. Қизиғи шундаки, унга ёндош тарзида ўзбек тили йўқ.
Нега сен ўзбек бўла туриб, ўз юртингда биргина ишинг битиши учун ўз она тилингни билишинг етарли эмас, тўғрироғи кам?! Мен зинҳор сўзларим билан тил билмасликни ёқламаяпман, аксинча ўз она тилимизни ҳеч бўлмаса, рус тили даражасидаги мавқега эришишни хоҳлаяпман, холос.
Давлатимиз раҳбари ўзбек тилининг ўрнини оширамиз деб, бел боғласалар, БМТ каби катта минбарларда ўзбекча нутқ ирод этсалар-у, ўзимимзнинг “ишонганларимиз” бошқа тилда иш олиб боришса, Президент сиёсатига қўшилмаган, хунукроқ айтсак, қарши чиққан бўлиб қолмайдиларми?!
Аксарият вазирлик ва идораларнинг, ҳаттоки, ички қарор ва низомлари ҳам рус тилида чиқади. Буни давлат тилини ривожлантириш борасидаги амалий ишлар деб, бўлмайди, наздимда.
Собиқ Совет иттифоқи даврида одамлар фарзандларини кўпроқ рус мактабларига беришган. Чунки рус тилини билган, унда сўзлашган киши карьера қила олиши, мансаб пиллапояларидан қоқилмай кўтарилишига ишонч бўлган. Ҳатто ўзбек мактабларида ҳам рус тили дарсларига алоҳида эътибор берилган. Ватанимиз мустақил бўлганига салкам 30 йил тўлаётган бўлсада, ўша эскича қарашлар, иш юритишдан ҳамон қутула олмаяпмиз, назаримизда. Қисқача ёзиқларимиздан шуни айтишимиз мумкинки, Собиқ Иттифоқ тузумининг баъзи давлат аҳамиятига молик соҳаларга ҳалигача шамоли тегиб турибди, бошқача ёндошсак, ундан батамом халос бўлмаганмиз.
Тилимизнинг мустақилликдан икки йил олдин мамлакат ҳудудида мустаҳкамлаб қўйилиши ҳам, бу мавзуга шунчаки қарамаслигимизни англатади.
Зайниддин Норқувватов







